Куни кеча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташаббуси билан “Замонавий таълимнинг долзарб муаммолари, ечимлари ва ривожлантириш тенденциялари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда таълим тизимини модернизация қилиш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда инновацион педагогик ёндашувларни амалиётга кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.


Халқаро анжуманда Туркия, Нидерландия, Словакия, Қозоғистон, Мўғулистон ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим ва илмий муассасалари вакиллари иштирок этди. Жумладан, Истанбул университети профессори Шафоаттин Дениз, Амстердам университети профессори Бабак Резвани, Словакия Республикаси Иқтисодиёт университети кафедра мудири профессор Култан Ярослав, шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассислар маърузалар билан қатнашди.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад — таълим соҳасидаги долзарб муаммоларни илмий таҳлил қилиш, инновацион педагогик стратегияларни ривожлантириш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ўқитиш жараёнига интеграция қилиш ҳамда ўқувчи шахсини ҳар томонлама камол топтиришга қаратилган замонавий илмий ёндашувларни такомиллаштиришдан иборат.
Мусулмон Зиё, ЎзА