Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “Замонавий сув тежовчи технологиялар” ўқув-илмий маркази ишга тушди. Марказ БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” қўшма лойиҳаси доирасида барпо этилди.
Бу ерда бўлажак сув хўжалиги мутахассислари амалиёт ўтайди, докторантлар сув тежовчи технологиялар бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боради, фермерлар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш имконияти ҳам мавжуд.
22 март – Бутунжаҳон сув куни муносабати билан «Сув қадри» шиори остида “Замонавий сув тежовчи технологиялар” ўқув-илмий марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, 4,7 гектар майдонни ўз ичига олган ўқув марказининг бир гектарида томчилатиб суғориш, 1,5 гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш, ярим гектар майдонида тупроқ остидан суғориш ва уларни сув билан таъминлаш учун насос ва ўғитлаш тизимлари, ер ости сувлари сатҳи ва таркибини мониторинг қилиш лизиметрик мажмуаси қурилган. Мана шу тизимлардан фойдаланиш амалиётларини ўтказишда тадқиқотчилар ва талабаларга шароит яратиш мақсадида бир қаватли уч хонадан иборат бино барпо этилиб, зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланган.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, БМТ Тараққиёт дастури ва Германиянинг Ўзбекистондаги Халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилоти (GIZ), Европа Иттифоқи ҳамкорлигида 11-13 март кунлари талабалар ўртасида танлов уюштирилган эди. Ёшларнинг эътиборини сув ресурсларини барқарор бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш, сув танқислиги билан боғлиқ долзарб муаммоларга қаратиш мақсад қилинган ушбу танлов бир нечта номинациялар бўйича ўтказилди.
Тантанали тадбирда танлов ғолибларига сертификат ва совғалар топширилди.
ЎзА