Замонавий шароитларда яшаш бахти
Президентимиз раҳнамолигида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган замонавий уй-жойлар қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш билан бирга, халқимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган турмуш шароитлари яратиш борасида юксак самаралар бермоқда.
Президентимиз раҳнамолигида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган замонавий уй-жойлар қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш билан бирга, халқимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган турмуш шароитлари яратиш борасида юксак самаралар бермоқда.Буни Қашқадарё вилоятида барпо этилаётган янги массивлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўтган йилларда вилоятдаги 75 массивда 2 минг 52 шундай уй-жой фойдаланишга топширилди.
Айни пайтда ушбу массивларда 166,8 километр ички йўллар, 380,8 километр ичимлик суви тармоғи барпо этилди. 3 тик қудуқ, 12 сув минораси, 20 сув сақлаш ҳовузи, 167 сув қудуғи қурилди. 184 километрлик газ қувури тортилди, 89 кучланишли трансформатор ўрнатилди. Замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш цехлари, бозор ва маҳалла гузарлари аҳолига қатор қулайликлар яратмоқда.
– Намунавий уй-жойлар лойиҳаси жуда пухта режалаштирилган, маиший шароит учун зарур бўладиган барча омиллар кўзда тутилган, – дейди “Элма қурилиш таъмирлаш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдуқодир Аҳадов. – Бунёдкорлик ишларида юртимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан кенг фойдаланилмоқда.
Қарши туманидаги “Боғобод” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Тўқманғит замонавий массиви ҳам йил сайин обод ва кўркам масканга айланмоқда. 2015 йилда ушбу массивда 149 уй-жой барпо этилиб, ўз эгаларига топширилди.
– Мана шу уйга кўчиб ўтдигу замонавий шароитларда яшаш қандай бўлишини англадик, – дейди Шавкат Хўжалов. – Илгари бизга шуниси ҳам бўлаверади, деб юраверган эканмиз-да. Ҳаётга муносабатимиз ўзгарди. Яшашни ўргандик. Бу ердаги шароитлардан аёлимнинг, фарзандларимнинг хурсандлигини кўриб, яйраб кетаман, ёшаргандай сезаман ўзимни. Мўъжазгина томорқада полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштиряпмиз. Бундай ширин ҳаёт учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.