Замонавий савдо мажмуаси қад кўтаради
Жиззах вилоятининг Зомин туманида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилишига расман старт берилди.
Қурилишнинг бошланиши муносабати билан ўтказилган ғишт қўйиш маросимида Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, Жиззах вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов ҳамда бошқа масъул шахслар сўзга чиқиб, ички, ташқи, сайёҳлик ва гастрономик туризмни ривожлантириш борасидаги режалар, замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси афзалликлари, сайёҳлар учун яратиладиган шароитлар ва янги иш ўринлари ҳақида атрофлича сўз юритишди.


Республика лойиҳалаштириш институти томонидан ишлаб чиқилган мазкур мажмуа лойиҳасида асосий эътибор экологик туризмни ривожлантириш, табиат билан уйғунликда дам олиш имкониятларини яратиш ва иқтисодий жозибадорликни оширишга қаратилган.


Шунингдек, лойиҳада замонавий технологиялар ва экологик тоза конструкциялар қўлланилишига алоҳида эътибор берилган. Мажмуа атрофида манзарали дарахтлар экилиб, атроф-муҳитга зарар етказмасдан яшил ҳудудлар яратилади.

Бундан ташқари, зип-лайн, фото-зоналар, маҳаллий экологик тоза маҳсулотлардан таом тайёрлашга мўлжалланган овқатланиш шохобчалари ва автотурагоҳлар ташкил этилади. Қурилишнинг биринчи навбати 2026 йилнинг май ойида топширилиши режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА