Замонавий ўқув биноси ёшларга туҳфа (+видео)
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг янгидан барпо этилган ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида тиббиёт соҳаси масъуллари, талабалар, меҳмонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бугун ёшларимизга ҳар томонлама ҳавас қилса арзийди. Уларнинг ўқиб-изланишлари, ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиши йўлида барча шароит яратилиб, имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятидаги олий ўқув юртлари ичида ўз ўрнига эга бўлган мазкур институтда талабалар учун кенг имкониятлар эшиги очиляпти.
Ушбу олий ўқув юрти Президентимизнинг 2020 йил 3 декабрдаги “Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. Бу ердан Зулфия номидаги Давлат мукофоти, Президент ва қатор номдор стипендиялар соҳиблари етишиб чиқмоқда. Хорижий давлатлардаги ёшларнинг бу ерда таҳсил олишга қизиқиши ошаётганлиги унинг нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолатдир.
Ёшларга туҳфа этилган ўқув биноси, яъни замонавий кампус учун 20 миллиард сўм маблағ сарфланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жами 200 ўринли конференц зал, 2000 нафар талабани қамраб олишга мўлжалланган 3 қаватли ўқув бинолари, янги спорт майдони, 300 ўринли янги талабалар ресторани, талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
– Ҳаётда инсон саломатлигидан муҳимроқ нарса йўқ, – дейди институт ректори Акмал Сиддиқов. – Шу боис тиббиёт соҳасида малакали, профессионал мутахассисларни тайёрлаш долзарб вазифа саналади. Албатта, бунда жаҳон стандартлари асосида ўқитишни йўлга қўйиш, талабалар учун замонавий шароитларни яратиб бериш керак. Институтимизда бунёд этилган мазкур бино ана шу йўлдаги эзгу ишлардан биридир. Ўтган даврда институтнинг кўп тармоқли клиникаси ташкил этилди. Бу эса талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг назарий, амалий ва клиник кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2022 йилдан олийгоҳда жаҳон талаблари асосидаги таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилди. Ўтган йилда Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Россия, Норвегия каби давлатлардан жалб қилинган ва асосий иш ўрнида фаолият олиб бораётган хорижлик профессор-ўқитувчилар сони 18 нафарни ташкил этди ва хорижлик талабалар сони минг нафарга етказилди. Бу орқали вилоятимизга 40 миллиард сўм инвестиция жалб қилинди.
[gallery-16918]
2022 ва 2023 йил якунлари бўйича нуфузли халқаро рейтингларда институт ТОП-1000 та олийгоҳ орасида эътироф этилди. Фарғона вилояти олий таълим муассасалари орасида биринчи бўлиб “Даволаш иши” таълим дастурини халқаро аккредитациядан ўтказди. Энди ушбу олийгоҳ битирувчилари дипломи бутун дунёда тан олинади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/M_LtwhB0kfI" title="Zamonaviy oʻquv binosi yoshlarga tuhfa" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тадбир иштирокчилари талабалар учун янги бинода яратилган шароитлар билан танишди.Бу ердаги неоклассик услубидаги замонавий аудиториялар, тиббий таълим олиш учун ўрнатилган асбоб-ускуналар юртимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак эътиборни яна бир карра тасдиқлаб турибди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат, видео),
ЎзА мухбирлари