Замонавий оилада фарзанд тарбияси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтида “Замонавий оилада фарзанд тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантириш масалалари” мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда вазирликнинг масъул ходимлари, оилашунос олимлар, экспертлар иштирок этишди.
– Аслида ҳар бир оила қадрият ҳисобланади, –дейди “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева. – Бугунги кунда айрим оилаларда қайнона-келин, эр-хотин, она ва бола ўртасида қандайдир муаммолар келиб чиқяптими, демак, қайсидир маънода қадриятларга эътибор бўлмаётганидан далолат деб биламан. Йигит билан қиз никоҳдан ўтиб, оила қураётган вақтида улардан ҳам шаърий, ҳам қонуний тарафлама оила қуришга розилиги сўралади. Уларнинг розиликлари олингачгина оила барпо бўлади. Афсуски, баъзи ёш эр-хотинлар ўзларининг қонуний ҳуқуқларини яхши билишади-ю, бурчларини унутиб қўйишади. Биз ана шундай ёшларга ҳар дақиқада минг йиллардан буён ота-боболаримиздан ўтиб келаётган оилавий қадриятларни сингдиришимиз, таъбир жоиз бўлса, қайта-қайта эслатишимиз керак.

Тадбир давомида мутахассислар томонидан “Замонавий оилани барпо этишда миллий ва умуминсоний қадриятларнинг ўрни ”, “Оила – миллий қадриятлар бешиги” каби мавзуларда маърузалар тақдим этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси бошлиғи, фалсафа фанлари доктори, профессор Мукаррам Нурматованинг миллий ва умуминсоний қадриятлар бўйича берган маълумотлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

– Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича юртимизда 45810 нафар фаол бириктирилган, –дейди М. Муродова. – Кўпчилик бизга бу фаоллар нима иш қиляпти, деган саволни беришади. Булар асосан оилавий ажрим ёқасида турган эр-хотинларни яраштириб, оилаларни сақлаб қолишади.
Ҳар йили оилавий ажримлар учун бизга жуда кўплаб аризалар келиб тушади. Аризаларни ўрганиш жараёнида оғир ҳолатларга дуч келамиз. Қайнонаям, келинам, эркагам ўзини ўйлайди, мен ҳақман, мени айтганим тўғри, деб жанжал кўтаради. Ҳеч ким боланинг тақдири ҳақида бош қотирмайди. Айрим қайнона-келинлар бир-бирларини ҳурмат қилишни ҳам исташмайди. Оилалардаги келишмовчиликлар, ажримлар барчаси энг оддий одоб-ахлоқ қоидаларини билмаслик, қадриятларни унутишдан келиб чиқади, деб хисоблайман.
Тадбир якунида замонавий оилада ҳамда фарзанд тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларнинг аҳамиятини оширишга оид таклиф ва тавсиялар берилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА