Замонавий микроавтобуслар аҳоли хизматида
Бухоро шаҳрида фаолият олиб бораётган “Buxara jemchujina trans” МЧЖ томонидан аҳолига намунали транспорт хизматини кўрсатиш, сайёҳларнинг транспортга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида янги ва замонавий микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Бухоро шаҳрида фаолият олиб бораётган “Buxara jemchujina trans” МЧЖ томонидан аҳолига намунали транспорт хизматини кўрсатиш, сайёҳларнинг транспортга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида янги ва замонавий микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Жамият томонидан “Ўзсаноатқурилишбанк” вилоят филиали кредит линияси ҳисобига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 11 дона “JAC Sunray” русумли замонавий микроавтобус олиб келинди. Бу уловлар йўловчи ташишда ва ички туризм тармоғида фойдаланишга хизмат қилади.
Шаҳарнинг Арк қўрғони олдида микроавтобуслар тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда тегишли ташкилотларнинг мутасаддилари, сайёҳлик компаниялари ходимлари, тадбиркорлар, “JAC MOTORS” компаниясининг республикамиздаги расмий диллери вакиллари, туризм ва транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналар раҳбарлари қатнашди.
Маросимда соҳа вакиллари сўзга чиқиб, мамлакатимизда, жумладан вилоятда аҳолига замонавий транспорт хизмати кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Шунингдек, бу борада тижорат банклари томонидан берилаётган имтиёзларнинг афзаллиги йиғилганларга қизиқиш уйғотди. Келгусида аҳолига намунали транспорт хизматини кўрсатиш борасида тадбиркорлар томонидан янада кўплаб хайрли ишларни амалга ошириш чоралари кўрилиши айтиб ўтилди. Бу борада расмий диллер билан келишувлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди.
