“Замонавий мактаб”ларга сертификатлар топширилди
Навоий вилоятидаги 6 та умумтаълим мактабига “Замонавий мактаб” мақоми берилди. Жумладан, Навоий шаҳридаги 8-, 16-, Зарафшон шаҳридаги 8-, Учқудуқ туманидаги 18-мактаблар 2-даражали, Навоий шаҳридаги 18-, Кармана туманидаги 30-мактаблар 3-даражали “Замонавий мактаб” мақомини олди.
Бугунги кунда юртимизда умумий ўрта таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш, умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Халқ таълими вазирлиги Замонавий мактабларни баҳолаш ва сертификатлаш хизмати бошлиғи Сардор Раҳимбоев мактаб раҳбарларига тегишли тартибдаги “Сертификат”ларни топширди.
Тадбирда “Замонавий мактаб” мақомига эришиш учун мактаблар фаолиятини мониторинг қилиш мезонлари ҳақида маълумот берилиб, бирёқлама ёндашувдан қочиш, комплекс сифат ўзгаришларига эришиш лозимлиги қайд этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА