Замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган “Smart Communications” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида “Artel” бренди остида уяли алоқа воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган “Smart Communications” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида “Artel” бренди остида уяли алоқа воситалари ишлаб чиқарилмоқда.Мамлакатимизда юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, рақобатбардош ва экспортбоп замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни янада кенгайтириш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилма ва логистика хизматларини жадал ривожлантиришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, эркин иқтисодий зоналарни изчил ривожлантириш йўлида янада қулай шарт-шароит яратишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Истеъмолчилар дидига мос замонавий уяли алоқа воситалари ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди қўшма корхона ҳисобчиси Ф.Баҳронов. – Корхонада 2015 йилда атиги бир турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, бугунга келиб улар сони 5 тага етди. Айни пайтда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида изланишлар олиб борилмоқда.
Ўтган йили Маҳаллийлаштириш дастури асосида уяли телефоннинг ташқи қисмини қуйиш йўлга қўйилди. Натижада ўтган йилнинг ўзида 3 миллиард 170 миллион сўмлик замонавий дизайндаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Корхонада касб-ҳунар коллежларини битирган 20 дан ортиқ ёш мутахассис меҳнат қилмоқда.
– Навоий информатика ва электрон саноат касб-ҳунар коллежини битириб, шундай замонавий корхонада ишлаётганимдан фахрланаман, – дейди Нафиса Равшанова. – Тайёрлаётган маҳсулотларимиз барча талабларга жавоб беришини текшириш учун махсус замонавий лаборатория синовларидан ўтказилади. Бу маҳсулотнинг сифати харидор талабига мос келишига хизмат қилади.