Замонавий кадастрнинг замонавий геопортали
Сўнги йилларда республикамизнинг барча соҳаларида ахборот технологиялари жадал суратларда ривожланиб бормоқда.
Ўз навбатида кадастр тизимида ҳам бу ривожланиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар, албатта, фуқаролар учун давлат органларининг очиқлик сиёсатини амалга оширишда ўз аҳамиятига эга бўлиб, бунда фойдаланувчилар учун маълумотларни тақдим этиш, улардан фойдаланишда геопорталлар муҳим ўрин тутади.
Геопорталлар бу фазовий маълумотлар билан ишлаш учун дастурий ва технологик ёрдам бўлиб, унинг асосий вазифаси фойдаланувчига фазовий маълумотларни сақлаш ва тизимлаштириш, нашр этиш ва юклаб олиш, метамаълумотлар бўйича қидирув тизими, интерактив веб-визуаллаштириш, веб-хизматлар асосида геомаълумотларга тўғридан-тўғри кириш учун воситалар ва хизматлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Кадастр агентлиги тизимида ҳам бир неча порталлар ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг хусусиятлари ҳамда маълумотлар таркибига қараб алоҳида шакллантирилган. Мисол сифатида map.geoportal.uz геопорталида республикада мавжуд кўчмас мулклар уларнинг ер участкаси чегаралари, кадастр рақамлари, манзили каби атрибут маълумотлардан ташкил топган.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ер майдонларини рақамлаштириш ишларини визуал кўрсатиб бориш, амалга оширилаётган ишларни онлайн тарзда кузатиб бориш мақсадида gis.kadastr.uz геопортали тест режимида ишлаб чиқилган.
Ушбу геопорталда қишлоқ хўжалиги ердан фойдаланувчилар, ер майдонлари, манзили, ер участкасининг кадастр рақами ва бошқа бир неча маълумотлардан ташкил топган.
2021 йилда қабул қилинган Фазовий маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Республикамизда фазовий маълумотлар билан боғлиқ муносабатларни янада долзарблигини акс эттирди. Ушбу қонуннинг 16-моддасида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталлар тармоғини яратиш мақсад қилинган. Бунда махсус ваколатли орган яъни Кадастр агентлиги томонидан Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси таркибида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталлари тармоғини яратиш ва фазовий маълумотларнинг сервислари билан фаолият кўрсатишини таъминлаш вазифалари мавжуд.
Ушбу вазифаларни бажаришда яъни, замонавий геопорталлар тармоғини яратишда агентлик томонидан бир нечта тадбирларни амалга ошириш лозим. Дастурий техник воситаларни янгилаш, соҳага IT технологияларни янада кенг жалб этиш, геоахборот ҳамда ерни масофадан зондлаш каби йўналишларда ходимлар малакасини ошириб бориш орқали фазовий маълумотлар йўналишида янги даврни яратиш, нафақат кадастр йўналишида балки, бошқа тармоқларда ҳам геопорталларни шакллантириш ва юритиб бориш каби вазифалар амалга оширилиб борилади.
Шерзодбек Зокиров,
Кадастр агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари