Аҳолиси жадал ўсиб бораётган Тошкент шаҳрида ичимлик сувига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.
Ҳар бир томчи сувни тежаб, ундан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Мазкур вазифани амалга ошириш эса эскирган инфратузилмани янгилаш ва замонавий технологияларни жорий этишни тақозо этади.

Жорий йил август ойидан пойтахтимизда совуқ сув учун “ақлли ҳисоблагич”ларни ўрнатиш ишлари бошланди. Ушбу ташаббус “Тошкент шаҳрининг ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимларини модернизация қилиш” лойиҳасининг муҳим босқичларидан бири бўлиб, халқаро сув бошқаруви соҳасида етакчи бўлган “SUEZ” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
“Ақлли ҳисоблагич”лар сув истеъмолини реал вақт режимида кузатиш, ҳақиқий маълумотлар асосида аниқ ва шаффоф тўловларни амалга ошириш имконини яратади. Энди фуқаролар ҳисоблаш ускуналарини текшириш учун инспектор келишини кутмайди.

Бундай технологиялар сув таъминоти корхоналарига ҳам катта имкониятлар беради. Хусусан, техник носозликлар ва ноқонуний уланишларни аниқлаш, сув йўқотишларини камайтириш, тизимни самарали бошқариш ва келгусида ривожланишни режалаштиришда муҳим воситага айланади.
– Ҳозир ўрнатиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда, – дейди “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов. – Ушбу жараёнда “SUEZ” мутахассислари, “Тошкент шаҳар сув таъминоти”АЖ ходимлари, “Технопарк” монтажчилари ҳамда маҳалла вакиллари иштирок этмоқда. Аҳолини олдиндан хабардор қилган ҳолда кунига ўртача 5 300 та ҳисоблагич ўрнатилмоқда. Монтаж ишлари Янгиҳаёт туманида бошланган бўлиб, кейинчалик бошқа туманларда ҳам давом эттирилади.

Жараёнда асосий қийинчиликлар техник ва ташкилий масалалар билан боғлиқ бўлмоқда. Айрим эски биноларда қувурларга кириш ва ускуналарни мослаштириш зарурати юзага келмоқда. Бироқ бундай ҳолатлар мутахассислар томонидан тезкорлик билан бартараф этилиб, белгиланган иш жадвалига жиддий таъсир кўрсатмаяпти.
Энг муҳими, аҳоли ушбу янгиликка ижобий муносабат билдирмоқда. Ҳисоблагичларнинг бепул ўрнатилаётгани кенг эътироф этилмоқда. Фуқароларимиз тизимдаги шаффофлик ва аниқликни, енгилликларни сезмоқда.

Сентябрь ойидан бошлаб ўрнатиш ишларида иштирок этувчи жамоалар сони 25 тага етказилиши режалаштирилган. Агар зарурий шароитлар яратиб берилса, йил охиригача 50 мингга яқин ҳисоблагич рўйхатдан ўтказилади. Жамият олдига узоқ муддатли мақсад қўйилган бўлиб, 2030 йилгача 650 мингдан ортиқ “ақлли” совуқ сув ҳисоблагичлари ўрнатилади.
Шу билан бирга, Тошкентдаги “Технопарк” саноат мажмуасида маҳаллий йиғиш линияси ишга туширилмоқда. Бу нафақат лойиҳа самарадорлигини оширади, балки янги иш ўринларини яратиш орқали пойтахтни модернизация қилиш жараёнларига сезиларли ҳисса қўшади.
“Ақлли ҳисоблагич”лар фақат ҳисоб-китоб ускунаси эмас, балки Тошкентнинг “ақлли” ва барқарор шаҳар концепциясидаги муҳим бўғин ҳисобланади. Технология орқали тўпланадиган маълумотлар сувдан фойдаланиш маданиятини шакллантиради, исрофнинг олдини олади, тармоқларни оптималлаштириш ва энергия тежамкорлигини таъминлашга, ўз навбатида экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА