Замонавий эшик-ромлар – уй кўрки
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Глобал базис” хусусий корхонасида тайёрланаётган замонавий эшик-ромлар сифати ва дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Глобал базис” хусусий корхонасида тайёрланаётган замонавий эшик-ромлар сифати ва дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.Икки йил олдин фаолият бошлаган корхонада 12 киши доимий иш билан таъминланган. Дурадгор усталарнинг иш унумдорлигини ошириш учун барча шароит яратилган. Хусусан, шинам дам олиш хонаси, ошхона, ювиниш хоналари улар ихтиёрида.
– Кредит маблағи эвазига Хитойдан келтирилган замонавий эшик ва ром ясайдиган ускуналар тежамкорлиги ва сифатли ишлаши билан ажралиб туради, – дейди корхона раҳбари Тўлқин Норсаидов. – Бу қурилмалар махсус дастур асосида исталган безакни панелга тушира олади. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун МДФ панелларини пойтахтдан келтирамиз. Бугунги харидорнинг диди жуда нозик. Шунга монанд, ясаётган эшик ва ромларимиз дизайнини мунтазам янгилаб борамиз. Асосий эътибор сифатга қаратилади, албатта. Шунинг учун корхона янги ташкил қилинганда Тошкентдан малакали усталар таклиф қилиб, ишчиларимизни ўқитган эдик. Маҳсулотлар асосан ички бозорда сотилмоқда. Келажакда тармоқни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. Жорий йил якунига қадар мебель цехи ҳам ишга туширилади.

