Сўнгги йилларда мактабгача таълим ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгидан янги муассасалар қуриб фойдаланишга топширилиши келажагимиз эгаларига бўлган эътибор намунаси бўлмоқда.
Бухоро шаҳрида ҳам мактабгача таълим тизимида салмоқли ишлар амалга оширилиши натижасида болажонларнинг боғчаларга қамрови 100 фоизни ташкил қилмоқда.
[gallery-24127]
Болажонлар ва уларнинг яқинлари қувончли кунга гувоҳ бўлди. Бухоро шаҳридаги 35-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросими қувончнинг сабабчиси бўлди. Унда шаҳар ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
1985 йили қурилган, 90 ўринли эскирган, яроқсиз деб топилиб ўрнида янги замонавий боғча қуриш ишлари бошланган эди. Қисқа муддатда “МИРРАНСОЛ КАПИТАЛ СТРОЙ ИНВЕСТ” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан 3,7 миллиард сўм маблағ эвазига барча қулайликларга эга замон талабига мос 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қуриб битказилди.
Тантанали очилиш маросимида сўз олганлар юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси учун яратилган шароитлар, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишишлари учун амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, мазкур мактабгача таълим ташкилотининг ҳам барпо қилингани ушбу йўналишдаги ишларнинг узвий давоми эканини қайд этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.