
Наманган муҳандислик-технология институти “17 ноябрь – Халқаро талабалар куни” арафасида ўз талабаларига муносиб байрам совғасини тақдим қилди.
Замонавий ёзги амфитеатрнинг очилиш маросими институтнинг ўсиб бораётган имкониятларини яна бир бор намоён этди. Ушбу иншоот талабаларнинг маданий, маънавий ва ижодий фаолиятини юксалтириш учун хизмат қилади.

Тадбирда институт ректори, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати, профессор Одилжон Маматкаримов, Наманган вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Абдулаҳад Ғаффоров, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов талабаларни ушбу маскан билан табриклаб, бу каби лойиҳалар ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

– Амфитеатр замонавий меъморий ечим асосида қурилиб, 500 ўринга мўлжалланган. У талабаларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, турли шоу-дастурлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва маданий кўнгилочар тадбирларни ўтказиш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган, – дейди Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати раҳбари Маъмуржон Эргашев. – Мазкур маскан олийгоҳимиз фаолиятига янги руҳ бағишлаб, маданий тадбирларни янада юксак савияда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА