Замонавий амалий санъат: декор ва услуб
Бугун Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»га бағишланган «Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» деб номланган III Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талаба-ёшларининг «Замонавий ва анъанавий либослар» намойиши бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бугун ўз истеъдодларини кенг оммага намоён этаётган ёш дизайнерларни мазкур санъат байрами билан муборакбод этар экан, улар келажакда Янги Ўзбекистон либос дизайни соҳасида муносиб из қолдира оладиган, ўз мустақил брендларини яратиб, уларни жаҳон даражасига олиб чиқа оладиган етук ижодкор бўлишларига тилак билдирди ҳамда бунинг учун уларда билим, тажриба, маҳорат ва имконият мужассам эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек, тадбирда институтнинг Либос ва газламалар таълим йўналишини 2020/2021 ўқув йилида битирган талаба-ёшларнинг Битирув малакавий ишларини ўзида жамлаган «Ёш ижодкорлар» каталогининг тўртинчи сони тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу каталогда ўрин олган бир-биридан ўзгача услубда ишланган либослар мода ихлосмандлари учун ўзига хос янгиликка айланди.
Намойишда Либос ва газламалар йўналишида таҳсил олаётган истеъдодли талаба-ёшлар томонидан Авангард, Кечки либослар, Спорт каби бетакрор услубларда «Қалбимда адрас», «Олтин куз», «Беқасам мавсуми», «Шаҳар ёмғири», «Унутилган беқасам», «Осиё шамоли», «Сеҳрли тун», «Фалсафа», «Шиддат», «Контрастлар», «Чегаралар» ва бошқа либослар тўплами мутахассислар ва томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.

Ушбу либослар ўзининг бетакрор кўриниши ва миллий қадриятларимиз ҳамда замонавий мода олами янгиликларини уйғунлаштира олгани билан нафақат юртимиз, балки хориждан ташриф буюрган соҳа мутахассислари, либос дизайни ихлосмандларининг эътирофига сазовор бўлди.
Шунингдек, италиялик дизайнер Эрик Эде томонидан тақдим этилган либослар коллекцияси ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди.
– Мен бугун ушбу намойишга ўзимнинг Авангард мода услубидаги «Қалбимда адрас» либослар тўпламимни томошабинлар эътиборига ҳавола қилдим, – дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди, институтнинг Либос ва газламалар йўналиши 4-босқич талабаси Фарангиз Тоҳирова.
– Ўйлайманки, барчага маъқул келди. Мени энг кўп илҳомлантирадиган йўналиш бу албатта, миллий матоларимиз ҳисобланади. Келажакда ўз ижодим ва яратган либосларим орқали миллий либосларимизни жаҳонда янада кенг тарқалишига, дизайнерлар тили билан айтган кенгроқ урф бўлишига эришиш ҳамда ўз брендимни яратиб жаҳон мода саноатида муносиб ўрин эгаллаш. Бунинг учун институтда биз, ёшлар учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Айтиш ўринлики, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Либос дизайни» кафедраси 2001 йилдан «Амалий санъат ва дизайн» факультети таркибида фаолият юритиб келмоқда.
Дизайн соҳасидаги илмий-техник жараён кўп жиҳатдан дизайнернинг ижодий фаолияти, яъни, кийимнинг янги лойиҳасини яратиш, конструкторлик ва рационализаторлик ихтиро, топилма ва янгиликларни саноат ишлаб чиқаришига жорий этиш билан боғлиқ.
Шу маънода, кафедра профессор-ўқитувчилари таркиби либос лойиҳасини яратиш соҳасида бир неча йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган профессионал дизайнер, конструктор-модельер ва ижодкор рассомлардан иборат.