Замон шиддати фақат дипломи бор эмас, балки замонавий кўникмаларга эга кадрларни тан оляпти
“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси
Бугунги Ўзбекистон дунё сиёсий харитасида нафақат иқтисодий ислоҳотлари, балки ўзининг улкан демографик салоҳияти билан ҳам ажралиб туради. Мамлакатимиздаги 38 миллионлик аҳолининг қарийб тўртдан бир қисмини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этиши бу шунчаки статистика эмас, балки миллатнинг эртанги қиёфасини белгиловчи энг катта стратегик бойлигимиздир.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинган “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси мамлакат тарихида ёшлар масаласини тизимли ва узоқ муддатли режалаштиришга қаратилган илк яхлит ҳужжат бўлди дейиш мумкин. Шу боис, эксперт ва фаоллар томонидан мазкур концептуал дастур давлатнинг ўз келажаги, ўз эртаси учун тикаётган энг катта сармояси сифатида эътироф этилмоқда.

Эътиборли жиҳати, стратегиянинг ўзагини сифатли ва инклюзив таълим ташкил этади. Зеро, бугунги замон шиддати фақат дипломи бор эмас, балки замонавий кўникмаларга эга кадрларни тан оляпти. Хусусан, стратегия доирасида 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш мақсади миллий кадрларимизнинг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлайди. B2 даражасини қўлга киритган ёшларга хорижий паспорт божининг 50 фоизга камайтириб берилиши эса рамзий маънода “дунё эшикларини ўзбек ёшлари учун очиш” демакдир.
Шу билан бирга, чекка ва олис ҳудудларда ўқув марказларини ташкил этиш учун 300 миллион сўмгача ссуда ажратилиши, солиқ юкининг эса бор-йўғи 1 фоиз қилиб белгиланиши таълим соҳасидаги тадбиркорлик учун чинакам имкониятлар эшигини очади.
Ёшлар бандлиги масаласида ҳам ёндашув тубдан ўзгарди. Эндиги мақсад шунчаки иш ўрни яратиш эмас, балки “тадбиркор авлодни шакллантириш”дир. Гарвард, Стэнфорд ва МИТ каби дунёнинг энг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда 20 минг ёшни ўқитиш ёшларимизнинг фикрлаш доирасини глобал бизнес стандартларига мослаштиради. Энг яхши 1 мингта лойиҳага БҲМнинг 500 бараваригача ссуда берилиши мамлакатда “start-up” маданиятини янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, йилига 270 мингта янги оила қурилаётган жамиятда уй-жой ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш энг долзарб масаладир. Стратегияга кўра, ипотека кредитлари ставкасининг Марказий банк ставкасидан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилиши минглаб ёш оилалар учун ҳақиқий “ижтимоий лифт” вазифасини ўтайди.
Шу билан бирга, шаҳар ва туманларда ташкил этиладиган “Ёшлар кўчалари”, китоб кафелар ва янги маданий марказлар жамиятда мутлақо янги маърифий муҳитни яратади.
Янги стратегияда илк бор ёшларнинг руҳий саломатлиги масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Туну кун ишлайдиган психологик алоқа маркази ва руҳий хавф гуруҳидаги ёшларни 40 фоизга камайтириш чоралари соғлом фикрлайдиган, стрессларга чидамли ва ватанпарвар авлодни тарбиялашнинг асосий шартидир.
Умуман олганда, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси бу шунчаки режалар мажмуаси эмас, балки миллий юксалишнинг аниқ йўл харитасидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, барча саъй-ҳаракатлар ягона мақсадга ёшларнинг билимли, соғлом ва ватанпарвар бўлиб камол топишига қаратилган.
Зеро, Янги Ўзбекистоннинг тақдири бугун стратегияда белгиланган вазифаларнинг қанчалик самарали ижро этилишига боғлиқ. Биз 2030 йилга бориб нафақат иқтисодиёти бақувват, балки дунё билан бўйлаша оладиган янги авлод давлатига айланамиз.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА