"Заковат" салоҳиятли ва шижоатли ёшларнинг камолотига хизмат қилмоқда
Мамлакатимиз ёшлари орасида мантиқий фикрлашни оммалаштириш, уларнинг интеллектуал ўйинларга қизиқишини оширишга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилнинг 21 январида ”Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланганди.
Ўтган давр мобайнида мазкур қарор асосида ”Заковат” интеллектуал ўйини жамиятимизнинг турли бўғинларига кириб борди. Аҳоли ўртасида кенг оммалашди. “Заковат” ёшларнинг севимли машғулотига айланди.

Бу ўз навбатида, ёшларнинг нафақат тафаккури, билими, мантиқий фикрлаши ортишига, шу билан бирга давлатимиз томонидан яратиб берилган кенг имкониятлардан фойдаланишига замин яратди.
Бугунга келиб, “Заковат”да ўз иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини намойиш этиб, республика босқичида ғолиб бўлган кўплаб талабалар, ўқувчилар тегишли имтиёзларни қўлга киритдики, бу, Янги Ўзбекистоннинг олов қалб минг-минглаб “олтин авлоди” камол топишига, юртимизда ҳар жиҳатдан салоҳиятли ва шижоатли ёш кадрлар захираси бойишига хизмат қилмоқда.

Куни кеча умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг республика финал босқич баҳслари ҳам айни ҳаракатнинг мантиқий давоми бўлди.
Айтиш лозим, “Заковат” интеллектуал ўйинининг биринчи босқичи мактаб, иккинчи босқичи туман, учинчи саралаш мусобақалари вилоят ва ниҳоят 4-босқичи республика миқёсида ўтказилиб, минг-минглаб ўғил-қизларнинг тафаккури юксалишига таъсир кўрсатганлиги билан катта аҳамият касб этди.

Шиддатли рақобат остида ўтган биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи турларда умумий ҳисобда 42 та мактаб ўқувчилари жамоалари 48 та саволлар жамланмасидан иборат мусобақада ғолиблик учун кураш олиб борди.
Билимга чанқоқ, интилувчан ва зукко ёшлар қатнашган ўйинларда ғолиб ва совриндор жамоаларни аниқлаш ҳакамлар ҳайъати учун бир қатор мураккабликларни келтириб чиқарганлиги бор гап.

Ўзига хос мураккабликларни келтириб чиқарган ўйинлар сарҳисобига кўра, 1-ўринни Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган 52-сонли мактаб жамоаси эгаллаган бўлса, кейинги поғоналарни Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 48-сонли мактаб ҳамда Хоразм вилояти Боғот туманидаги 92-сонли “AFChO‘SMUO‘TMI” жамоаси банд этди.
Ўйинлар якунида 1-ўриндан жой олган жамоа 100 миллион сўм, 2-ўринни эгаллаган жамоа 60 миллион сўм, 3-ўрин соҳиби бўлган хоразмлик ёшлар 40 миллион сўм билан тақдирланди.
Совриндорликка эришган жамоа аъзоларига медаллар, дипломлар топширилди.
Т.Рўзиев, ЎзА