“Заковат” интеллектуал ўйинида ёшлар баҳслашди
Навоий вилояти Кармана туманидаги 20-умумтаълим мактабида туман прокуратураси ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан “Китоб – ахборот асрида ҳам ўз қадрини йўқотмайди” лойиҳаси доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Юртимизда иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, ушбу ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 20 январда “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
[gallery-11028]
Қарор ижроси доирасида интеллектуал ўйинларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унга асосан мазкур интеллектуал ўйинни доимий равишда ўтказиш белгиланган. Беллашувда туман 2-сектор ҳудудидаги 5 та маҳалла ва 5 та мактаб ёшларидан иборат жамоалар ўзаро куч синашди. Ёшларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказган ва қизғин тарзда кечган беллашув давомида ҳар бир иштирокчининг фаоллиги сезилиб турди.
Якуний натижаларга кўра, 20-умумтаълим мактаби жамоаси 1-, “Нурафшон” маҳалласи жамоаси 2- ва “Жалойир” маҳалласи жамоаси 3-ўринни эгаллади. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА