“Заковат” ғолиблари пул мукофоти билан тақдирланди
Пойтахтимизда Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Заковат” интеллектуал олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда ғолиблар ўз мукофотларини қўлга киритди.
Олимпиадада 135 та ОТМ лари иштирок этиб, шулардан энг кучли 50 та ОТМ жамоалари, жумладан, 550 нафар талаба 4 кун давомида мусобақанинг республика босқичида 6 та йўналишда беллашдилар. Хусусан, “Заковат”, “Брейн-ринг”, “Ерудит-квартет”, “Шахсий ўйин”, шахмат ва шашка ўйинлари бўйича беллашув олиб борди ва “Брейн-ринг”дан ташқари барча йўналишларда ғолиблар номига ойдинлик киритилган эди.
[gallery-15161]
Бўлиб ўтган тақдирлаш маросими доирасида “Брейн-ринг” ўйини финали ўтказилди. Унда Наманган давлат университети ирода кўрсатиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини мағлуб этди ва умумжамоа ҳисобида 3-ўринни рақибидан тортиб олди.
Бундан ташқари, барча йўналишларда ғалаба қозонган талабалар тақдирланди, шунингдек, умумжамоа ҳисобида 1- 2 ва 3-ўринларни эгаллаган ОТМ ларга Президент совғасини Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева топширди.
Шунга кўра, интеллектуал олимпиаданинг умумжамоа ҳисобидаги ғолиблари: 1-ўрин University of science and technology университетига насиб қилиб, 2 миллиард сўм пул мукофотига сазовор бўлди. 2-ўрин Ўзбекистон Миллий университетига берилди ва уларга 1,5 миллиард сўм пул мукофоти берилди. 3-ўринни эса Наманган давлат университети эгаллаб, 1 миллиард сўмга эришди.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА