Заковат баҳслари байрамона руҳда якунланди
Гулистон давлат университети Филология факультетида ҳафтада бир маротаба мунтазам ташкил этиб келинаётган “Заковат” интеллектуал ўйинининг 2-мавсуми тантанали тарзда якунланди. Ақлий беллашувларда мавсум давомида жами 26 та жамоа иштирок этиб, билим, мантиқий тафаккур ва жамоавий ишлаш маҳоратида куч синашди.
Турли мавзуларни қамраб олган саволлар орқали талабаларнинг интеллектуал салоҳияти синовдан ўтказилди. Беллашувлар нафақат билим даражасини ошириш, балки талабалар ўртасида соғлом рақобат, ўзаро ҳамкорлик ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни ўзбек тили йўналишида иштирок этган “Ренессанс” жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин рус тили йўналишида қатнашган “Аёллар уюшмаси” жамоасига насиб этган бўлса, 3-ўринга ўзбек тилидаги “Мартин Иден” жамоаси сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, мавсум давомида фаоллик ва ижодкорлик кўрсатган жамоалар ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, “Шахсий савол билимдони” каби қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга рағбатлантирувчи совғалар топширилди.

Тадбир янги йил байрами арафасида ўтказилгани боис беллашувлар байрамона руҳда ташкил этилди. Талабаларнинг янги йилга мос кийиниш маданияти, безаклар ва кўтаринки кайфият тадбирга алоҳида файз бағишлади. Ақл, жамоавийлик ва байрамона шукуҳ уйғунлашган мазкур “Заковат” мавсуми иштирокчилар хотирасида унутилмас лаҳзалар сифатида қолди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири