Заҳматли меҳнатнинг эътирофи
Бугун “Металлург” маданият саройида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов 27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан комбинат, шаҳар ва ҳамкор ОАВ вакиллари билан учрашди.
Қайд этилганидек, ҳозир мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолини ва дунё оммасини хабардор қилишда сиз журналистларнинг роли катта. Айниқса, комбинатда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар, йирик қурилишлар ва уларнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида ОАВда кенг ёритиб борилмоқда.


– Куни кеча давлатимиз раҳбари йирик саноат корхоналарини “яшил” энергия билан таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишиб, йиғилиш ўтказди, – дейди Абдулла Хурсанов. – Ушбу йиғилишда энергия самарадорлик, энергия ресурсларини тежаш, яшил энергетикага ўтиш масалалари муҳокама этилди. Бизга ҳам бу борада бир қатор вазифалар юклатилди. Бугунги кундаги ушбу долзарб вазифаларни халққа етказишда сиз журналистларнинг ўрни беқиёс. Сўнгги 5 йилни оладиган бўлсак, комбинатга кўплаб давлатларнинг делегациялари ташриф буюрмоқда. Улар биз билан ҳамкорлик қилиш истагини билдиряпти. Бўлаётган ўзгаришларни, ислоҳотларни тезкорлик билан ёритишда, албатта, сизга таянамиз.


Самимий руҳда ўтган учрашув давомида комбинат Ахборот хизмати фаолияти эътироф этилди. Шунингдек, шаҳар ва ҳамкор ОАВ вакилларининг ҳам самарали меҳнатлари қайд этиб ўтилди. ОКМК Ахборот хизмати раҳбари Умида Қаршибоева хизмат фаолияти бўйича тақдимот ўтказди. Ахборот хизмати томонидан 2024-йилда эришилган ютуқлар, амалга оширилган ишлар бўйича кенг маълумот берилди. Жорий йилинг ҳозирги давригача бўлган вақтда эришилган натижалар сарҳисоб қилинди.
Маълумот учун бугунги кунда ОКМК Ахборот хизмати таркибида веб-таҳририят, “ОКМК ТВ” корпоратив телеканали, “Рангли металлар” ва “За цветные металлы” газеталари фаолият юритиб келмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.