Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида таниқли шоир, олим ва улуғ саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар, бобурхонлик кечалари, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Туман ҳокимлиги, Маънавият маърифат маркази туман бўлинмаси ва маданият ишлари бўлими томонидан ўтказилган кечада таниқли адабиётшунослар, маҳаллий ёзувчи, шоир ва журналистлар, жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар, санъат ва адабиёт шайдолари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари таниқли адабиётшунос олим Дилноза Фозилованинг Бобурнинг ҳаёт йўли, ижоди ва “Бобурнома” асари тўғрисидаги маърузасини катта қизиқиш ва эътибор билан тинглади.
Ғаллаорол шаҳрида жойлашган 16-, 25-, 44- ва 46-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари шоир ижодига мансуб ғазаллардан намуналарни ўқиб берди. Куй-қўшиқлар ижро этилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА