Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида шарқшунос олим Шокирхон Рустамхўжаев томонидан тайёрланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар” номли беш жилдлик китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур муҳташам мажмуа Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти, ижоди ҳақидаги қомусий, илмий, илмий-оммабоп мақолалар тўпламидан иборат бўлиб, жаҳон бобуршунослиги илмида тўпланган бебаҳо маънавий хазинани ўзида жамлагани билан аҳамиятли.
– Беназир қомусий шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар салтанати ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган ва бу эзгу иш ҳозир ҳам давом этмоқда, – деди филология фанлари доктори Шуҳрат Ҳайитов. – Уларнинг барчасини ўрганиш учун бир инсоннинг умри етмайди. Ҳозирда жаҳонда Бобур ва бобурийлар ҳақидаги катта-кичик илмий асарлар 20 мингдан ошади. Жаҳонгир шоир ижодига оид ўттиздан ортиқ роман, юзлаб диссертациялар яратилган. Қайсидир маънода бу илмий-маърифий ишларнинг мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса ёшларга етказиш Бобур ва бобурийлар сулоласининг тарихи, ғоялари, дунё цивилизацияси ривожидаги ўрнини тушунтиришда ғоят муҳим.
– Бобур инсоният тарихидаги энг буюк шахслардан биридир, – деди профессор Абдулла Аъзамов. – Бу улуғлик унинг жаҳон тамаддунида бетакрор аҳамиятга эга бўлган улкан бобурийлар салтанатига асос солганида ҳам намоён бўлади. У аслида 11 ёшида тахтга ўтирган эди. Умри алғов-далғовларга тўла, ўта мураккаб, синовли ва қалтис вазиятларда ўтди. Бобурнинг қатъияти, жасорати, мақсад сари интилувчанлиги, азму шижоатидан ёш авлод, айниқса, ҳарбийлар ибрат олмаса, унинг буюклигини такрор-такрор айтишдан наф йўқ. Эзгулик, жасорат учун ҳамиша имконият бор. Ёшлар шу имкониятдан унумли фойдаланишлари керак. Беш жилдлик бу китоб-мажмуа материалларини тўплаб, ўрганиб, таҳлил этиб, китобхонга тақдим этиш учун муаллиф Шокирхон Рустамхўжаев 15 йил сарфлади. Китобда дунёнинг ўттиздан ортиқ тилидаги 5 мингдан ортиқ тадқиқот жамланган.
– Аслида бобуршунос эмасман, – деди Шокирхон Рустамхўжаев. – Ихтисослигим – арабшунослик. Касбим тақозоси билан Миср, Ироқ, Яман, Сурия каби давлатларда таржимон бўлиб ишлаганман. Ўша пайтларда Бобурнинг эски форсий ёзувидаги икки фармони устида тадқиқот олиб бордим. Уларда арабий сўзлар ҳамда Қуръони каримнинг 57 оятидан намуналар келтирилган эди. Бу фармонларни таржима қилиб, нашрга тайёрладим. Кейинчалик Бобур ва бобурийлар ҳақидаги библиографик маълумотни нашрга тайёрлаб, чоп эттирдик. Бобур номидаги халқаро жамоат фонди кўмаги билан нашр этилган ушбу беш жилдлик мажмуада эса биздаги кутубхоналар билан бирга Европа мамлакатлари, Хитой, Япония, Россия, Бангладеш каби давлатларнинг кутубхоналаридан тўпланган илмий мақолалар жамланган.
Дарҳақиқат, тузувчи-муаллиф Шокирхон Рустамхўжаев Бобур ва бобурийлар сулоласига бўлган иштиёқи сабабли ушбу буюк сулола вакиллари, уларнинг ижоди, фаолияти, сулоланинг тузум ва удумлари, сиёсати, ҳарбий ҳаракатлари, бунёд этган шаҳар ва меъморий обидалари, боғлар, оилавий муносабатлар акс эттирилган маълумотларни ўзбек, туркман, ҳинд, инглиз, немис, француз, урду, форс, рус, татар, беларусь, украин, озарбайжон, турк, тожик, араб ва бошқа тиллардаги қомус, тўплам, альбом, журнал, китоб, газета материалларидан синчиклаб ўрганиб, беш жилдлик китоб ҳолига келтирган. Беш жилдлик бу китоб адабиётшунослик, бобуршунослик ривожига муносиб ҳиссадир.
Тақдимот тадбирида Бобур ижоди, янги китобнинг аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди. Китобхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга муаллифдан бевосита жавоб олиш имконига эга бўлди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири