Зафар муборак, бухоролик пахтакорлар
Бухоролик пахтакорлар мўл ҳосил етиштириб 342 минг 600 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этди.
Ҳосилнинг аксарият қисми юқори навга сотилди.
Жорий деҳқончилик мавсумида ҳудудда 106 минг гектар ерда “Бухоро-6”, “Бухоро-8” ҳамда “Бухоро-10” истиқболли навлари асосида катта хирмон кўтарилган бўлса, унинг 291 минг 851 тоннаси, яъни 95 фоизи биринчи, сара навга қабул қилинди. Қолаверса, уруғлик пахта етиштириш ҳажми 3 минг 738 тоннани ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, вилоятда деҳқончилик маданияти, айниқса, пахтачиликда ўзига хос тажриба мактаби яратилгани, бевосита пахтачиликка ихтисослашган 3 мингдан ошиқ фермер хўжалигида ерни экишга тайёрлаш ва чигитни бир маромда ундириб олиш жараёнидан бошлаб, ишнинг тўғри ташкил қилинганлиги, қатъий меҳнат интизоми, агротехник тадбирларнинг кечиктирмасдан олиб борилгани якунда умумий муваффақиятни таъминлади. Қиёсий олсак, биргина 2019 йилда вилоят пахтакорлари барпо қилган “оқ олтин” хирмони 319 минг тоннадан ошмаган бўлса, жорий йилги мавсумда бу кўрсаткич деярли 25 минг тоннага кўпроқ.

Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда инновацион ғоя-кластер тизими жорий этилди. Бугунги кунда вилоятнинг 11 та туманида 10 та пахта-тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилган.
Вилоятда етиштирилган ялпи пахта ҳосилининг туманларда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Buxoro Agrocluster”, “Merganteks”, “Qorakul Kumush Kalava”, “Parvoz Xumo Ravnaq trans”, “BCT Cluster Agrokompleks”, “WBM Romiteks”, “Bahor Chance Textile”, “Buxoro Zarhal Teks” каби корхоналар тайёрлов қабул масканларида саранжомлангани ҳам соҳада бутунлай янгича фаолият бошланганидан далолатдир.
Мазкур агрокластер субъектлари фьючерс тартибида, фермер хўжаликлари билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаган. Бошқалардан фарқли томони, ҳудудда етиштирилган пахта ҳосили шу ернинг ўзида “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойилига мувофиқ қайта ишланади. Тармоқда энг йирик “Buxoro Agrocluster” МЧЖ бу йил вилоятнинг Вобкент тумани фермер хўжаликлари билан 37 минг 463 тонна, Ғиждувон туманидаги субъектлар билан жами 34 минг 250 тонна, Шофиркон туманида 21 минг 115 тонна, Пешкў тумани билан 31 минг 450 тонна, Когон тумани фермер хўжаликлари билан 16 минг 524 тонна, Қоровулбозор туманида 7 минг тоннадан ортиқ, умумий ҳисобда 150 минг тоннага тенг юқори сифатли саноат хом ашёси етиштириш бўйича келишувга эришган.
Вилоят пахтакорларининг меҳнат зафарида давлат шартнома режасига мувофиқ катта хирмонга улуш қўшган Қоракўл, Олот, Вобкент, Пешкў, Ғиждувон, Шофиркон туманларининг ҳиссаси катта бўлди.

Йиғим-терим мавсумида жами 2 минг 100 дан ошиқ терим отряди 213 мингдан ортиқ теримчини ўзида бирлаштирди. Улар учун далада иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароит ҳозирлангани, териб топширилган ҳар килограм пахта учун биринчи теримда 1200 сўм, иккинчи теримда эса 1500 сўмдан пахта пули берилгани кўзланган хирмонни ёғин-сочинли кунга қолдирмасдан, сифатли йиғиб олиш имконини берди. Бу жараёнда фермер хўжаликларига яқиндан кўмаклашган кўнгилли теримчилар моддий манфаатдорлиги оширилди.
Зариф Комилов, ЎзА