Зафар муборак, бухоролик ғаллакорлар
Бухоро вилоятида бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 2 минг 860 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 60 минг 600 гектар майдонда буғдой етиштирилди.
Бухоро вилоятида бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 2 минг 860 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 60 минг 600 гектар майдонда буғдой етиштирилди. Давлат шартнома режасига мувофиқ 179 минг 683 тонналик ғалла хирмони бунёд этилди.
Президентимиз бошчилигида ғаллачиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, вилоятда 12 минг гектар ерда 9 та ғаллачилик кластери ташкил этилди. Уларга 3,8 минг гектар ер тўғридан-тўғри ажратилди. 8,1 минг гектар ғалла майдони мавжуд 508 та фермер хўжалигига бириктириб берилди. Бу эса хўжаликлар моддий манфаатдорлигини ошириш, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.
Яратилган хирмоннинг 122 минг тоннаси сара уруғлик навларига қабул қилинди. Бунинг учун жойларда ташкил этилган механизациялаштирилган отрядлардаги “Case”, “Class” “Claass Dominator”, “Nyu Holland”, “Viktor” русумли жами 191 та комбайн ва отрядлар кучидан унумли фойдаланилди. Донни ташишга 955 та техника воситаси, яна 73 та ёқилғи ташишга мўлжалланган автомашина жалб этилди.
Бу йил ҳам анъанага мувофиқ, ғаллачиликда яққол пешқадамликни қўлдан бой бермай келаётган вилоятнинг кенжа тумани Қоровулбозордан бошланди. Чўлқуварлар ҳудудининг «Жарқоқ», «Навбаҳор», «Бўзачи» МФЙларида фаолият олиб бораётган жами 147 та фермер хўжалигида ялпи 5 минг 525 гектарда етиштирилган буғдой парваришидан давлат шартнома режасида белгиланган 13 минг 858 тонна ўрнига 14 минг тоннадан ошириб сара дон давлат омборига киритилди.

Шунингдек, пешқадамлардан Вобкент, Пешкў, Ғиждувон туманларининг ғаллакорларини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринли.
– Ҳисоб-китобларга кўра, жорий мавсумда ўртача 1 гектар майдонда етиштирилган сара дон сарф-харажати 7 миллион сўмдан ошди, – дейди вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Рустам Норов. – Олинаётган фойда эса гектарига 10 миллион сўм атрофида. Бундан кўринадики, ўрим-йиғим даврида ҳар гектаридан ўртача 50 центнер ҳосил кўтарилган тақдирда, вилоят ялпи ғаллазорларидан қўлга киритилиши кутилаётган даромад салмоғи 540 миллиард сўм, бундан қўлга киритиладиган соф фойда 190 миллиард сўмга етиши кутилмоқда.
Вилоятда ғалла ҳосилидан бўшаган майдоннинг 49 минг гектарида такрорий экин экиш ишлари бошлаб юборилган. Бу борада ҳар бир туманда махсус ишчи гуруҳлари томонидан кам таъминланган, моддий мададга муҳтож оилалар, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга далада меҳнат қилиб, даромад топишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.