Ўз ишини билиб қилаётган одам
Ҳар ким ўз ишини билиб қилса, жамият гуллаб-яшнайди.
Ҳар ким ўз ишини билиб қилса, жамият гуллаб-яшнайди. Шунинг учун, ота-боболаримиз, дарвозаси олди супирилмаган кишининг маҳаллани обод қилишига ишонма, деб ўгит бериб келишган. Улар ҳам бежиз бу хулосага келмай, ҳаётда аксарият ҳолларда айтаётганларининг тескарисини кўравериб-кўравериб, кўзлари пишиб кетгани аламидан шундай дейишган.
Ҳар жойда ҳамиша ҳозиру нозир, истаган мавзуда аравани қуруқ олиб қочишга устаси фарангларга қараганда, урвоқдеккина бўлса-да, эгаллаган жойида вазифасини виждонан бажарадиганлар юрт корига кўпроқ ярашини яхши билганлар уларнинг ҳурматларини жойига қўйиб юришади. Албатта, Насриддин Афандининг шаҳар қозиси эканлигида унга кўрсатилган муввақат зоҳирий эҳтиром бошқа нарса. Ҳақиқий иззат ҳайбатдан қўрқув туфайли эмас, чинакамлиги билан қадр касб этади.
Тождор вирус пандемияси ўзига эш қилиб баҳсу мунозаралар, янги оҳордаги қофиялар, илму урфонга тўла фикр-мулоҳазалар майдонини ҳосил этгани ҳам сир эмас. Унда ким қандай тафаккур машқини ўтказаётгани эса жамоатчиликка кундай равшан бўлиб турибди. Уларнинг фойдалилик улушини белгилайдиган жадвал мавжуд эмас. Ҳеч қачон мавжуд бўлмаган, бўлмайди ҳам.
Лекин бугун Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг чиқишлари борасида гап кетса, барча бирдек “Офарин!” дейди. Фикр оламида бундай ялакатлик ҳаммавақт ҳам учравермайди! Бугун совун кўпигидек шишириб, эртаси куни унутиб юборадиган омма эътиборида телеведение тарихида бундай машҳурлик бир маҳаллар об-ҳаво маълумотларини етказувчи Тоштемир Тойлоқовдан ўзгага насиб этмаган. Марҳум шоир Абдулла Орипов у кишининг шаънига шеър ҳам битгани буни далолат этади.
Нурмат Отабековнинг барчанинг кўз ўнгида олиб бораётган фаолиятини таҳлил этишга ҳожат йўқ. "Коронавирус ер юзидан йўқ бўлиб кетмайди, бироқ “ўзимизники” бўлиб қолади...”, “Атофимизда бу касалликка чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди” сингари унгагина тегишли иборалар куйга солинган шеърдан ҳам кўра оммавийлашиб кетмоқда.
Айтмоқчи, у кишининг ўзлари ҳам шоир, шеърий тўпламлари чоп этилган. Бугунги кунда одамларга самовий ташбеҳлардан кўра аниқ фактларга асосланган заминийа тушунчалар зарурлигидан илҳом парисини ҳам карантинга олиб, унинг қанотларини ҳар куни ўттиз мартадан дизенфекция қилмоқдалар. Ва кўпчиликка шу йўл тўғри эканлигини уқдириб ҳам келмоқдалар!
"Атрофимизда ушбу касалликка чалинган фуқаролар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, — деди у куни кеча барча оммавий ахборот воситаларини забт этган чиқишида. — Агар баъзиларда касаллик енгил кечар экан, деган фикрга борган бўлсангиз, 3 фоиздан ортиқ ҳолатда касаллик ўта оғир кечиб, ҳатто ўлим билан якун топаётгани сизни сергак торттириши керак".
Гапнинг бўлари шу, хулосанинг ўзингиз чиқаринг қабилидаги бундай фойдали фикр-мулоҳазаларни бир ойдан ортиқ вақт мобайнида Нурмат Отабеков ҳар куни бир эмас, қайта-қайталаб онгимизга қўйиб келаётгани туфайли унинг бир чеккасидан ўзи ҳам ўрин олиб олди. Янги Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон 24” телеканалида жорий йилнинг 20 мартидан эътиборан у эрталаб ва кечкурун коронавирус вазияти ҳақида ҳар куни муттасил равишда ахборот бериб келяпти. Бундан ташқари мулоқотлар, брифинглар! Жонингиз тошдан бўлсин-э, деб юборгиси келади кишининг.
“Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталари шарҳловчиси сифатида масофавий фаолият олиб бораётганимдан буён Нурмат Отабеков “команда”сининг иш фаолиятидан хабарим бор. Исириқдан тортиб, тумов аломатларини тождор вирус гумон қилиб одамларнинг ваҳимага тушмаслиги, карантин даврида қандай чоралар қўллаш, қандай китоблар мутолааа қилиб, оммавий ахборот хуружларидан ўзни қандай ҳимоя қилишгача улар ўзларининг қимматли тавсияларини яратиб, халқимизга тақдим этиб келишмоқда. Сўзни тежаб, буни, элу юрт манфаати учун хизмат қилиш деб, баралла айтса бўлади!
Шойим БЎТАЕВ.