Юзлаб аёлларга кўмакдош бўлган Дилфуза
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда юртимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлида кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунинг самарасини ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйган тадбиркорлардан бири, фарғоналик Дилфуза Мамадиева фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Дизайнер, тикувчи, стилист-визажист Дилфуза Мамадиева ҳозирга қадар 650 нафар хотин-қизга касб-ҳунар ўргатиш баробарида Фарғона шаҳри марказида тикувчилик цехини ҳам ташкил этган.
[gallery-24552]
– 6-синфда ўқиб юрган пайтларимда маҳалламиздаги Малика опадан тикувчиликнинг илк сабоқларини олганман, - дейди Дилфуза Мамадиева. – Шундан сўнг аста-секин тикиш-бичиш, дизайнерлик сирларини қунт билан эгаллашга киришдим. Шу билан бир пайтда мактабдаги таҳсилдан сўнг Фарғона давлат университетида ўқиб, магистратура босқичини ҳам тамомладим.
Дилфуза Мамадиева хорижий давлатларга бориб, ўз соҳасига оид кўргазмаларда, ўқув-семинарларда қатнашиб, халқаро тажриба орттирган, хусусан, мода индустрияси, маркетинг ва савдо усулларини ўзлаштирган. Бу тажрибаларни фаолиятига жорий этиш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтирди, маҳсулот дизайнини замон талабига мослаштирди. Унинг яна бир орзуси вилоятдаги барча тадбиркор аёлларнинг маҳсулотларини намойиш этиш ва сотиш имконини берувчи доимий кўргазма марказини ташкил этиш. Шу орқали аёлларнинг салоҳиятини намоён қилишга кўмаклашишни кўзлаб турибди.
Ҳар бир ютуқнинг ортида сабр, меҳнат ва тўхтовсиз ҳаракат туради. Дилфуза Мамадиева айнан шундай фазилатлари билан юзлаб хотин-қизларга ибрат бўлмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА