Юз йилликка муносиб туҳфа
Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил этилганлигининг юз йиллиги муносабати билан Пастдарғом туманида янги архиви биноси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил этилганлигининг юз йиллиги муносабати билан Пастдарғом туманида янги архиви биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабати билан ўтказилган тадбирда “Ўзархив” агентлиги директори М.Юсупов, Самарқанд вилояти ва туман ҳокимлиги масъуллари сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг замонавий усулларини жорий этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Янги бино қурилиш ишларига маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 158 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланган. Шунингдек, бино энг замонавий жиҳозлар, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган. Муҳими, бу ерда мобиль жавон мавжуд.

– Бугунги кунда архив идорамизда 71 минг 564 та сақлов бирлигидаги ҳужжатлар мавжуд, 11 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда, – дейди Пастдарғом тумани давлат архиви директори Абдураззоқ Диёров. – Кейинги икки йилда 952 сақлов бирлигида ҳужжатларнинг 58 минг кадр электрон варианти яратилди. Ҳозирда бир ойда ўртагача 300 нафарга яқин одам турли йўналишлар бўйича мурожаат қилмоқда. Уларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Энди бу борадаги имкониятларимиз яна ҳам кенгайди.
Тадбир давомида соҳада сидқидилдан хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар ва фахрийларга агентликнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.