Тўрт фарзанднинг отаси бўлган тошкентлик Ғафур 34 ёшида отишга ҳукм қилинган. У бор-йўғи оддий тадбиркор эди. Шўролар унинг савдо дўконлари, мол-мулкини тортиб олгани етмагандай ўзини ҳам йўқ қилди.
Чунки у тирик бўлганида ўзига тўқ яшаган вақтини қўмсаши ёки қўлида юзлаб одамларни ишлатган тадбиркор бошқаларни орқасидан эргаштириб нимадир қилишидан қўрқишган.
Ғафур Султонов уйдан чиқиб кетар чоғи фарзандларини бағрига босган, 5 ёшли ўғлининг юзларини силаб, “ўғлим, қайтиб келаманми ёки йўқми, билмайман, ақлли бола бўлиб юринглар”, дейди.
Бу болакай отасини қайтиб кўрмади, бироқ ўша иссиқ қўл тафтини бир умр қидирди. У болалик хотирасига муҳрланган ота сувратини йўқотмасликка тиришиб яшади. Турли идора-ю ташкилотлар эшигида сарғайиб, отасининг ҳеч бўлмаса фотосуратига эгалик қилиш учун кўп курашди. Аммо, бу унга насиб қилмади.
Янада аянчлиси, Ғафур отишга ҳукм қилинганидан сўнг унинг оиласини ҳам тинч қўйишмади. Яшаб турган уйларини тортиб олиб, ўзларини кўчада қолдиришди. Ғафурнинг турмуш ўртоғи Зулфияни “босмачининг беваси”, деб кўп таҳқирлашган. Тўрт фарзанди билан дарбадарликка маҳкум этилган аёл ҳатто қамоқда ҳам ўтириб чиққан.
Аёлнинг кўргуликлари етмагандай фарзандларининг энг кичиги бўлган бир ёшли ўғли вафот этган. Оила сал ўзига келай деганда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Зулфия аянинг эндигина вояга етган ўғли урушга кетган ва қайтиб келмаган. У бир қиз ва бир ўғли билан шафқатсиз ҳаёт йўлларида зўрға омон қолди...
Отасининг, онасининг ўкинчу армонларини кўрган унинг ўғли ҳам бу оғриқли хотираларни асло унутмади. Оила даврасида фарзандларига бу ҳақда сўзлаб берар, тарих хатолари тўғриланишига ишонмаса ҳам бу ҳақда орзу қилар эди.
Авлодлар алмашишда давом этди, аммо бу оилада Ғафур исми асло унутилмади. Улар Ғафуровлар оиласи бўлиб, яшашда давом этмоқда.
Бу аччиқ хотираларни бизга Олий суднинг суд залида Ғафур Ғафуров сўзлаб берди.
“Менинг исмим Ғафур, 34 ёшдаман, тўрт фарзандим бор”, деган сўзларни Ғафуржон қайта-қайта такрорлади. Бир қарашда бу оддий ўхшашлик.
Аммо Ғафур тўрт фарзанднинг отаси олиб кетилиши, унинг уйга қайтиб келмаслиги, болалари хору зор қилиб кўчада қолдирилиши, навқирон ёшда қурбон бўлиш нима эканини, бобосининг бошидан кечирган ваҳшатини чуқур ҳис қилиб, фақат бобоси эмас, ўзи ҳам оқланаётгандек ҳам хўрсинар, ҳам кўзлари ёнар эди...
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мустақиллик арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида қатағон қилинган боболаримиз шаъни, номини оқлашга қаратилган эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Фармойиш асосида Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Республика ишчи гуруҳи тузилди. Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Олий суд раисининг 2021 йил 9 февралдаги фармойишига биноан муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳи тузилган.
Олий судга 2021 йил 24 февралда 115 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, улар ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан тегишли тартибда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протестлар келтирилган.
Мазкур жиноят ишларида суд мажлиси баённомаси
ёки суд ҳужжатлари (ҳукм ёки бошқача қарор) мавжуд эмаслиги, ишларда фақатгина Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ, русча - ОГПУ)нинг учлик мажлиси баённомасидан кўчирма борлиги аниқланган.
“Султанов Гафурга оид жиноят иши юзасидан:
1930 йил 27 октябрдаги Марказий Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Мухтор вакили қошидаги Учлик кенгаши қарорибилан Ўзбекистон ССР ЖК 58-модда 2-қисми (қуролли тўдалар, совет ҳудудига қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда бостириб келиши) ва 59-модда 3-қисми (Чет эл давлатлари билан аксилинқилобий мақсадларда алоқада бўлиш) бўйича айбдор деб топилган ва отувга ҳукм қилинган”.
Тарих қатларига яширинган бу “қора дело” куни кеча Олий судда қайта кўрилди. Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида Гафур Султанов оқланди.
Умуман, ЖПКнинг 83-моддасига асосан шу куни жами 6 жиноят иши бўйича 115 нафар шахс оқланди.
34 ёшида отиб ўлдирилган Ғафур Султонов орадан қарийб юз йил ўтиб оқланди! Бу хушхабарни унинг тўртинчи авлоди бўлган 34 ёшли Ғафур суд залида тик туриб қарши олди. Ниҳоят, бир оиланинг бир асрлик армони ушалди.
Бугун фақат Ғафур Султонов эмас, бутун оила, авлод оқланди! Ахир бу оилага “босмачининг авлоди”, деган тамғани кўтариб юриш осон бўлмаган.
Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонлари хотрасини тиклаш, ҳали оқланмаган шахсларга оид ишларни кўриб чиқиш ишлари давом эттирилади.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, суҳбатдошимиз Ғафур Ғафуров узоқ йиллар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида хизмат қилган. Айни пайтда АҚШда иш фаолиятини давом эттириб, инвестиция компаниясига раҳбарлик қилмоқда.
Куни кеча Ғафуровлар оиласида катта байрам бўлди. Оила аъзолари боболарининг, сулоланинг юзи ёруғ бўлганидан беҳад шод эди. Байрам устига байрам бўлиб, сулоланинг бешинчи вакили – жажжи Арслон Ғафур тетапоя бўлиб, илк қадамларини қўйди.
Норгул Абдураимова, ЎзА