Юз билан юзлашган нуронийлар дуода
Одатда аёлни баҳорга қиёслашади. Зотан ўлкамизга муаттар сепини ёйиб кириб келган баҳорнинг илк байрами Халқаро хотин-қизлар куни билан бошланиши ҳам рамзий маъно касб этади.
Сирдарё вилоят солиқ бошқармаси бошлиғинининг ўринбосари С.Тавбоев Сайхунобод туманида бўлиб, туманнинг Фаровон маҳалласида истиқомат қилаётган Шакарой ая Жўраевани 101 ёши ҳамда Пахтаобод маҳалласида яшовчи Равшаной ая Муҳамадиевани 105 баҳори билан вилоят ҳокимлиги номидан самимий муборакбод этди.

Юз билан юзлашган нуроний онахонларга вилоят ҳокимининг табрикномаси, совға ва гуллар топширилди. Нуронийлар қўлларини дуога очиб, Яратгандан мамлакатимиздаги барча ислоҳотларнинг асосчиси муҳтарам Юртбошимизга куч-қувват, юртимизга омонлик, халқимизга сиҳат-саломатлик, дастурхонимизга қут-барака сўраб дуолар қилишди.

Нуронийларнинг дуолари кўнглимизда фахр ва шукроналик туйғуларини уйғотди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири