Ютуқлар бардавом бўлсин Бухоронинг мард ўғлони
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Давлат раҳбарининг қарорига асосан Бухоро вилояти Қоракўл тумани халқаро математика мактабининг 9-синф ўқувчиси Анварбек Рахматов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Анварбек 2019 йилда Жанубий Африка давлатининг Дурбан шаҳрида бўлиб ўтган математика фани бўйича IMC-2019 Халқаро олимпиадасида якка тартибда олтин, жамоавий ҳисобда бронза медалини қўлга киритган.
Озарбайжон давлатининг Боку шаҳрида ўтказилган “Истеъдодларни тайёрлаш лобараторияси” олимпиадасида математика, физика ва кимё фанларидан иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлган.
Ўтган йили октябрь ойида математика фанидан ўтказилган “SEAMO” олимпиадасининг саралаш Республика босқичида олтин медални қўлга киритган. Жорий йилда эса у “Қўқон олимпиадаси”да юқори кўрсаткич билан ғолибликни қўлга киритди ва Нексия автомашинаси билан тақдирланди.
Ютуқлар бардавом бўлсин, Бухоронинг мард ўғлони Анварбек.
Зариф Комилов, ЎзА