“Юртнинг кучи бирликда, қадри эса тинчликда!”
Жиззахда ушбу эзгу шиор остида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида бир қатор спорт мусобақалари ва кўрик-танловларнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Фавқулодда вазиятлар вазири кубоги учун ташкил этилган ушбу тадбирлар Фавқулодда вазиятлар, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёшларнинг қобилият ва маҳоратини намоён қилиши учун шароит яратиш, уларни “Қутқарувчилик” касбига қизиқтириш ҳамда бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида уюштирилди.
Мусобақа ҳакамлари ва кўрик-танлов ҳайъат аъзолари томонидан иштирокчиларга ушбу беллашувларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, мусобақа ва танловларнинг Низоми, шартлари, қонун ва қоидалари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
[gallery-19709]
Шунданг сўнг “Юртнинг кучи бирликда, қадри эса тинчликда!” шиори остидаги мусобақаларнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 та жамоадан 104 нафар мусобақа - танлов иштирокчиси беллашув шартлари асосида ўзаро баҳсга киришди.
Мусобақа шартларига кўра, жамоалар “Мен қутқарувчиман” эстафетаси, “Ижодий тақдимот”, “Биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Дала чодирини тиклаш” ҳамда волейбол, шахмат, шашка ва арқон тортиш каби шартлар бўйича беллашдилар.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда ёшлар ўзларининг ҳар томонлама тезкор ва кучли эканлигини намоён этишга ҳаракат қилди.
Якунда мусобақани баҳолаб борган малакали ва нуфузли ҳакамлар ҳайъати ҳамда мутахассисларнинг ҳулосаларига кўра, мусобақаларнинг мутлақ ғолиби сифатида 1-ўринни Жиззах шаҳар “Сайҳон” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Сайҳон бургутлари” жамоаси эгаллади. 2-ўрин Шароф Рашидов тумани “Учтепа” МФЙнинг “Учтепа ёшлари” жамоасига ва 3-ўрин Фориш тумани Мусоқул Оролов номли МФЙнинг “Турон” жамоасига насиб этди.
Мусобақа давомида “Энг ҳамжиҳат жамоа”, “Энг чаққон қиз бола”, “Энг билимдон жамоа” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиб, совриндор ва турли номинация сохибларига Фавқулодда вазиятлар вазирининг кубоги ҳамда ташкилотчиларнинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари