Юртимизни яшилликка буркаймиз
Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти партия ташкилоти, Бухоро давлат университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети ҳузуридаги Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти, Бухоро давлат педагогика институти, Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги ҳамда кўнгиллилар ташаббуси билан “Юртимизни яшилликка қоплаймиз” лойиҳаси доирасида Қоровулбозор тумани “Чўлқувар” массивида жойлашган Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги ҳудудида саксовул кўчатларини экиш акцияси ташкил этилди.

– Лойиҳанинг мақсади аҳоли, айниқса, ёшларнинг юртимиз табиатини асраб-авайлаш ҳамда “Юртимизни яшилликка буркаймиз” лойиҳасини амалга оширишдаги фаоллигини кучайтириш, қум ва чанг бўронлари кўчиши ҳамда тупроқ деградациясининг олдини олиш, чўлланишга қарши амалий иш сифатида саксовул экиш ишларига кенг жамоатчилик ҳамда кўнгиллиларни сафарбар қилиш, биологик хилма-хилликни асрашдан иборат, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти партия ташкилоти раиси Жаҳонгир Шарипов. – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугун чинаккамига халқни бирлаштира олди ва умуммиллий ҳаракатга айланди. Дарахт экиш ва парваришлаш, юртимизнинг ҳар қарич ерини боққа айлантириш, яшилликка буркашга нафақат партиямиз вакиллари, экология соҳаси ходимлари, мутасаддилар ҳамда ёшлар ўз ҳиссасини қўшаётгани тақсинга лойиқ.

Таъкидлаш керак, мазкур лойиҳа ташаббускор томонидан иккинчи марта ташкил этилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА