Юртимиздаги миллатлараро дўстлик янада мустаҳкамланади
Президентимиз ташаббуси билан 30 июль мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни деб белгиланди.
Ушбу байрам шубҳасиз, юртимизда яшаётган юздан зиёд миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда илк бор нишонланаётган ушбу байрам Андижонда ҳам ўзгача, катта тантана билан ўтказилди. Унда Андижонда яшаб, меҳнат қилаётган ўзбеклар, руслар, қирғизлар, корейслар, арманлар, уйғур ва тожиклар, қўйингки, турли миллат вакиллари иштирок этиб, ўз миллий анъаналарини намойиш этди.
Умуман, Ўзбекистонда кейинги йилларда миллатлараро муносабатлар масаласига катта эътибор қаратилаётганлигини алоҳида эътироф этишни истар эдим.
Мен Ўзбекистонда яшаётган рус миллати вакили сифатида мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлигини алоҳида эътироф этаман. Қолаверса, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Чунки мен шу юртда туғилдим, ўсдим, оилали бўлдим, Бугун фарзандларим бағримда камолга етмоқда. Тинч-осойишта юртимизда эмин-эркин яшашимиз, меҳнат қилишимиз, миллатимизнинг анъана ва урф-одатларини давом эттиришимиз учун барча шароитлар яратилган.
Буни мен яшаётган Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида яққол кўриш мумкин. Бугун вилоятда уйғур, қирғиз, корейс ҳамда арман миллий-маданий марказлари қатори Ўзбекистон Рус миллий маданий маркази вилоят бўлими ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.
Андижонда, рус православ ва хиристиан черковлари ишлаб турибди. Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ва лицейларда рус тили ва адабиёти фани ўқитилмоқда. Дарслар тўла рус тилида олиб бориладиган ҳамда аралаш ўқитиладиган мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Андижон давлат университети филология факультетининг рус тили ва адабиёти бўлимида юзлаб талабалар таҳсил олмоқда.
Ишонаманки, Ўзбекистонимизда ҳар бир миллат вакилининг эмин-эркин яшаб, Ватан тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилиши учун зарур барча ишлар қилинади. Юртимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди.
Екатерина СМЕСОВА,
Ўзбекистон Рус миллий маданий маркази
Андижон вилояти бўлими раиси ўринбосари.
ЎзА