Юртимиздаги етакчи олий ўқув юртларидан бири
Нукусда Қорақалпоқ давлат университетининг ташкил этилганига 45 йил тўлиши муносабати билан “Қорақалпоғистон минтақасида олий таълим ва илм-фан тараққиётида Қорақалпоқ давлат университетининг ўрни: кеча, бугун, эртага” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Дастлаб кўргазма намойиш этилди.

Тадбирда университет ректори, техника фанлари доктори, профессор А.Реймов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, мазкур университет республиканинг илм-фан ва маърифат, таълим ва тарбия соҳаларида маънавият, спорт ва маданият марказларидан бири сифатида мустақил юртимизнинг ривожига хизмат қилиб келмоқда. Айниқса, жамиятнинг асосий етакчи кучлари ҳисобланган ёшларни юксак интеллектуал қобилиятли, маънавий бой дунёқарашга эга бўлган, етук мутахассислар этиб тайёрлашда асосий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.
Университетда 2016-2017 ўқув йилида 49 бакалавр таълим йўналиши ва 22 магистратура мутахассислиги бўлган бўлса, 2021-2022 ўқув йилига келиб 67 бакалавр таълим йўналиши ва 50 та магистратура мутахассислигида талабалар билим олмоқда. Талабалар сони 2016-2017 ўқув йилида 8129 нафар бўлса, 2021-2022 ўқув йилига келиб таълим олиб келаётган талабалар сони 25787 нафарга етди. Янги мутахассисликларнинг очилиши мамлакатимизнинг етакчи саноат корхоналаридан бири ҳисобланган Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуасига малакали мутахассисларни тайёрлаш йўналишининг битта бўғини ҳисобланади.
Талаба-ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланиши учун уларни спортга кўпроқ жалб қилиш мақсадида 24х42 метр ўлчамдаги спорт мажмуаси янгидан қурилиши мамлакатимизда ўқув юртларига бўлган алоҳида эътиборнинг, ёшларга яратилиб берилаётган кенг имкониятларнинг бир кўринишидир.
Университетда 2021 йилнинг сентябрь ойидан баҳоси 2,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Биоэкологик изланишлар” илмий-тадқиқот лабораторияси ўз ишини бошлади ва бугунги кунда соҳа ихтисослиги бўйича университет ёш олимлари, докторантлар, таянч докторантлар, стажёр тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар ушбу лаборатория имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда Оролбўйи минтақаларидаги экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тегишли самарадор илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган мажлис баённомасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2022-2023 ўқув йилидан эътиборан университет қошида илм-фаннинг кимё, кимёвий технология, қурилиш ва саноат технологиялари йўналишлари бўйича умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Кимёвий технология” илмий изланиш лабораторияси кластерини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда зарур бўлган асбоб-ускуналар олиб келинмоқда.
Олий ўқув юртида ёшларнинг билим олиши учун барча имкониятлар яратилган. Замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган аудиториялар, лингафон хоналари, лабораториялар, бепул интернет тармоғига кирувчи Wi-Fi зоналари, электрон кутубхона, компьютер синфлари, электрон доскалар ва бошқалар талабалар хизматида.
Талаба ёшлар орасидан Президент, Навоий, Улуғбек номидаги стипендиялари, Зулфия номидаги давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, республика, халқаро танловлар ғолиблари, жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиқмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, яқинда Олий таълим муассасаларининг нуфузли халқаро рейтинги ҳисобланган Times Higher Education ўзининг 2022 йил учун Impaсt рейтинги (THE Impact Rankings 2022) ҳамда AD Scientific Index рейтинг агентлигининг Top Universities Ranking 2022 натижалари эълон қилинди. Ушбу икки халқаро рейтингдан Қорақалпоқ давлат университети муносиб ўрин эгаллади.
Тадбирда Россия Федерацияси, Туркия, Белорусь, Малайзия, Қозоғистон давлатлари, шунингдек мамлакатимиздаги бир қатор олий таълим муассасалари вакилларининг байрам табриги эшитилди. Иштирокчиларга олий ўқув юртининг 45 йиллигига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Байрам талаба ёшлар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА