Юртимизда уч миллиондан ортиқ нуроний яшайди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходимлари иштирокида “Кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тадбир иштирокчиларига зарур маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда республикамизда 3 миллиондан ортиқ нуроний истиқомат қилади. Уларнинг 37,4 фоизини ёши 60дан ошган эркак нуронийлар, 62,6 фоизини эса ёши 55 дан юқори бўлган аёллар ташкил этади.

— Бугунги кунда кекса авлод вакилларини нафақат эъзозлаш, балки уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида вазирлик қошида комплекс ишлар олиб бориляпди, –дейди вазирликнинг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Норов. – Булар кўпроқ нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётий тажрибаларини ёшлар тарбиясига йўналтиришдан иборат ишлардир. Фикримнинг исботи сифатида жорий йилнинг август ойида республикамизнинг кўплаб маҳаллаларида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” тадбирларини мисол тариқасида келтириб ўтишим мумкин. Ушбу тадбирларнинг ёшлар ҳаётида аҳамияти катта деб ҳисоблайман. Ундан ташқари 959 нафар нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. “Саломатлик учун 5 минг қадам” пиёда юриш, “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” номли танлови доирасида спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, тадбир давомида ижтимоий тармоқ орқали йўлланган саволларга ҳам мутахассислар томонидан жавоблар берилди. Самарқандлик мухлис аёл томонидан берилган “Юртимизда юз ёшгача бўлган кексалар нечта”деган саволга 100 ёшдан ошган нуронийлар 600 нафарга яқинни ташкил этиши, вазирлик томонидан ушбу кексаларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари борасида яқинда “100 билан юзлашганлар” номли китоб чоп этилгани, яқин кунларда ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтиши хусусида фикр-мулоҳазалар айтилди.
Шунингдек, журналист ҳамда блогерлар томонидан якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган кексаларга ижтимоий ёрдам, маҳаллалардаги кутубхоналарнинг мавжуд аҳволи, нуронийларга дам олиш оромгоҳларига йўлланмалар бериш тартиби бўйича сўралган саволларга ҳам батафсил жавоб берилди.
Тадбир сўнггида жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш–халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилиши борасида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА