Юртимизда мураккаб операциялар нархи қанча?
Биласизми, айни пайтда республикамизда 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азият чекяпти. Улардан 500 нафари жигар трансплантациясига муҳтож. Шу кунгача Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштрилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 10 нафар беморга жигар кўчириб ўтказилди.
Мазкур марказ директори Саидмурод Исмоиловнинг таъкидлашича, бундай ноёб операция учун Ҳиндистонда ўртача 45 минг доллар маблағ талаб қилинади. Россияда эса янаям қимматроқ – 70 минг доллар атрофида. Беларусь давлатида жигар трансплантациясини ўтказмоқчи бўлганлар эса қарийб 165 минг доллар тўлашлари керак. Энг юқори нарх АҚШда – тахминан 200 минг доллар.
Бизда эса бу турдаги операцияни ўтказишга сарфланадиган сарф-харажатлар донор ва бемор учун ўрта ҳисобда 18-20 минг долларга тўғри келиши ўрганилган. Аммо буни янлиш тушунмаслик керак. Гап шундаки, мамлакатимизда жигар циррози билан касалланган юртдошларимизни ордер тизими асосида даволаш йўлга қўйилган. Бу ҳолатда фақат донор операцияси, яъни жигарнинг бир бўлагини олиш учун беморнинг оиласи томонидан маълум миқдорда маблағ тўланади, холос.
Юрак ва ўпка етишмовчилиги терминал босқичидаги беморлар орасида ҳам трансплантация амалиётига муҳтожлар кўп. Бироқ бундай операциялар баҳоси Россияда 100 минг, Беларусда 200 минг, АҚШда 250 минг АҚШ доллари атрофида. Ўзбекистонда эса нарх кўрсаткичлари Океанорти мамлакатига нисбатан қарийб 10 баробар арзон.
Умуман, бугунга келиб, юртимизда йилига ўртача 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажариляпти. Уларнинг 24 мингтаси республика тасарруфидаги клиникаларда, 550 мингтаси вилоят марказларида, 170 мингтаси эса туман миқёсида ўтказилмоқда.
Шунингдек, мураккаб кардиохирургик амалиёт ҳисобланган аорта-коронар шунтлаш операцияси учун Россия ва Ҳиндистонда 8 мингдан 18 минг долларгача тўлов қилиш зарур. Европа давлатларида эса 20-30 минг доллар талаб қилинади. Мамлакатимизда эса юрак соҳасидаги мураккаб операциялар учун кўпи билан 3-4 минг доллар тўлов қилинмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА