Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмас
Фармон ва ижро
Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини таъминлаб, жойларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини тубдан оширишда муҳим омил бўлмоқда. Бу аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Термиз шаҳрида яшайдиган 69 ёшли Фарҳод бобо Холовнинг якка, ёлғиз умргузаронлик қилаётганига ўн йил бўлмоқда. Ўз уйи бўлмаган ёлғиз бобо маҳаллий ҳокимликнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун ажратилган турар жойида яшайди. Ҳаётнинг бу синовини ўйлайвериб сиқилган Фарҳод Холов икки йил муқаддам Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази қошидаги “Инклюзив” таълим марказига борди. Тўгаракда ҳунар эгаллаб, турли кераксиз нарсалардан гул ясашни чуқур ўзлаштириб олди. Бу ҳунар унинг қалбини овутди. Яхши кунлар келишига умид уйғотиб, таскин берди. Ҳаётида ўзгариш сеза бошлади. Лекин ясаган маҳсулотларини сотиш масаласи кўндаланг бўлиб қолди. Эндиликда бу масала ҳам ҳал этилди. Отахон ясаган маҳсулотларга харидор топишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси яқиндан кўмаклашди. Имконияти чекланган шахслар ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг савдо ярмаркасини ташкил этиб, унда ёлғиз отахон Фарҳод бобо тайёрлаган маҳсулотлар ҳам савдога чиқарилди.
– Маҳсулотларим катта қизиқиш билан харид қилингач, ёлғиз эмаслигимни яна бир марта чуқур ҳис этиб, меҳнат беҳуда кетмайдиган юртда яшаётганимдан беихтиёр суюндим, – дейди Фарҳод Холов.– Шу ярмаркада олти миллион сўм даромад топибман. Қувонганимдан яхши иштиёқ билан маҳсулот ясашга киришдим. Руҳан тетиклашдим.

Мамлакатимизда ёлғиз кексалар, имконияти чекланган шахслар ва кўмакка муҳтожларни қўллаб-қувватлашнинг тамомила янги тизими жорий этилгани ана шундай одамлар қалбига қувонч шуълаларини таратмоқда. Чунки, уларнинг нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ҳолатида ҳам ўзгариш юз бераётир. Бунинг учун “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари маҳаллалардаги ёрдамга муҳтож хонадонларда бўлиб, уларнинг турмушини ўрганмоқда. Тегишли чора-тадбирларни белгилаб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Якка, ёлғиз яшайдиган қарияларга ижтимоий ходим ва ассистент бириктирилмоқда.
– Ҳа, айтганча, энди олдингидек ўйлаб, сиқилишимга эҳтиёж йўқ, – дейди юзида ҳаётидан розилик аломати сезилаётган Фарҳод бобо. – Шанба, якшанба ёки байрам кунлари ҳам уйимга келиб мендан хабар оладиган инсон бор. Овқатим, кирим, уйимни йиғиштириш бўладими, барчасини кўнглимдагидек қилиб уддаламоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ижтимоий ходим ва “Инсон” маркази ассистент бириктириб берди. Тобим қочса, касалхонага ҳам бормайман. Ассистентнинг ўзи зарур муолажани қилади. Буни қарангки, қўшимча компенсация пули ҳам оляпман. Жамиятда қадр топаётганимдан суюниб, давлатимизни дуо қилиб ўтираман.
Мамлакатимизда ижтимоий хизматларнинг маҳалла даражасида йўлга қўйилгани ёлғиз яшайдиган кексаларнинг ҳам турмушини тубдан ўзгартираётгани қувонарли бўлмоқда.
Аслида, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд инсоннинг, меҳр ва эътиборга муҳтож кишининг қалбига йўл топишнинг ўзи унинг бағрини тоғдек кўтаради. Яшашга иштиёқини оширади. Янгиланган Бош қомусимизда бундай тоифадаги инсонларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олингани бу соҳадаги ишлар янги босқичга олиб чиқилганининг амалдаги ифодаси, уларнинг жойлардаги ягона ёндашувни ўз ҳаётида ҳис этаётгани инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири