Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмас
Юртимизда хоҳ у соғлом хоҳ имконияти чекланиб, ўзгалар парваришига муҳтож бўлсин, инсон қадри, инсон манфаатлари биринчи ўринга қўйилиб, уларга алоҳида эътибор ва ҳурмат кўрсатилади, ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ҳолидан хабардор бўлиб турилади.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви раиси Дилшод Усманов Навоий вилоятига ташриф буюриб, ногиронлиги бор, имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олди.
Жумладан, Навоий шаҳар “Лочин” МФЙ истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони, 1960 йилда туғилган Сергей Ключенский хонадонига борилди ва унга Республика бошқаруви раиси томонидан ногиронлик аравачаси топширилди.

Шунингдек, “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи нафақахўр Хадича Камоловага “Маҳалла” фонди Республика бошқаруви томонидан 12 миллион сўм хайрия ёрдами ажратилди. Айни пайтда Х.Камолова икки нафар етим набирасини тарбияламоқда.

Ташриф давомида “Кўзи ожизлар жамияти” Навоий вилоят бўлимига қарашли “Кармана” МЧЖ ўқув-ишлаб чиқариш корхонасида фаолият юритаётган имконияти чекланган инсонлар ҳолидан хабар олинди. Корхона фаолияти, ишчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. Ташриф сўнгида корхонанинг 32 нафар имконияти чекланган ишчиларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатилди.

Абдували Бўриев, ЎзА