Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин
Шукрона
1932 йил 25 августда Олот туманида таваллуд топган Жумадурди Бегиев ёшлик чоғларини хотирларкан, 1939 йилда туман марказидаги “Киров” деб номланган мактабнинг биринчи синфига ўқишга борди. 1954 йилда шу мактабнинг 10-синфини тугатгани, болалиги Улуғ Ватан уруши йилларига тўғри келгани, тенгдошлари, қариялар, аёллар билан биргаликда 1941-1945 йилларда фронт ортида хизмат қилгани, 1946 йили эса фронт ортидаги хизматлари учун медаль билан тақдирланганини энтикиш билан ёдга олади.

Шундан сўнг Бухоро ва Самарқандда педагогика йўналишида ўқиб, қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилган йилларини, 1974 йилдан собиқ колхоз бригада бошлиғи, 1976 йилдан 1980 йилгача колхоз раиси бўлиб ишлагани, қайси жабҳада бўлмасин, ҳалол-покиза меҳнат қилганини хотирлайди. Жумадурди Бегиев 2005 йилгача жамоа хўжалигида бригадирлик қилиб, илғор хўжаликлардан бирининг пешқадам миришкори сифатида ҳам ўша пайтлари давлатга 1 минг 200 тоннагача пахта етиштириб бериб, вилоятда юқори эътирофга сазовор бўлган.
“Нуроний” жамғармаси Бухоро вилояти Олот тумани бўлими бошлиғи Саидқули Оққиев бошчилигидаги бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари “Баёт” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 93 ёшни қаршилаган Жумадурди ота Бегиевни йўқлаб борди. Отахондан ҳол-аҳвол сўралди. Унинг яшаш шароити ўрганилди. Пиру бадавлат хонадон соҳиби, улуғ ёшга етган отахон билан кечган самимий суҳбатда уруш ва меҳнат фахрийларининг матонати, ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси ҳақидаги хотиралар ёдга олинди. Бугунги дориламон кунларга шукроналар айтилди.

Жумадурди ота Бегиев айни дамда Баҳринбаёт қишлоғида катта бир оила соҳиби, 7 нафар фарзанднинг отаси, 2 нафар ўғли ва 5 нафар қизини уйли-жойли қилди. Ҳаётда ўз йўларини топишига камарбаста бўлган, бир-биридан ширин 25 нафар набира, 45 нафар чевара, қолаверса, 10 нафар эваранинг суюкли бобоси ҳамдир.
–Инсон қадри улуғланаётган, қариялари қадр топган юртнинг келажаги порлоқ, турмуши фаровон бўлади, –дейди дуога қўл очар экан Жумадурди ота Бегиев. –Нуронийларини унутиб қўймай, ҳолимиздан хабардор бўлаётган раҳбарларимизга минг раҳмат, азиз бошлари ҳамиша омон бўлсин, ғам-ташвиш кўрмасин. Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири