Юртимиз паҳлавонлари жам бўлди
Янги йил байрами арафасида Андижон вилояти Марҳамат туманида Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси, Марҳамат тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги 3-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати спорт зали ҳамда Муҳаммад Юсуф номидаги туман марказий маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган мусобақалар қизиқарли баҳсларга бой, ҳақиқий спорт байрамига айланди.

– Кубок баҳслари юқори савияда ўтказилди, – дейди Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси ижрочи директори Шодилбек Эргашев. – Мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси ва юртимиз вилоятларидан ташриф буюрган 150 нафарга яқин паҳлавонлар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Юртимиз полвонлари турли оғирликдаги тошларни кўтариш, шунингдек, юклар солинган арава ҳамда махсус жиҳозни белгиланган масофага олиб бориш сингари мураккаб машқларни тез ва белгиланган шартлар асосида бажариш бўйича ўз имконият ҳамда маҳоратларини намойиш этди.

Тош кўтариш мусобақалари ҳам қизиқарли баҳсларга бой бўлди.
Якунда барча йўналишлар бўйича ғолиб деб топилган паҳлавонлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ушбу мусобақалар юртимизда миллий спорт ўйинларини ривожлантириш, куч, матонат ва баҳодирлик фазилатларини намоён этувчи спорт турларини оммалаштириш, кенг тарғиб этишга хизмат қилиш билан бирга, туман аҳолиси ва меҳмонларига байрамона кайфият улашди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари