Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Алижон Раҳимовнинг “Юрт ва ҳаёт асарларимда” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Унда рассомнинг 80 га яқин рангтасвир ва графика ишлари намойиш этилди.
Алижон Раҳимов 1957 йилда Қўқон шаҳрида туғилган.
[gallery-25192]
Кўргазмада рассомнинг намойиш этилаётган рангтасвир асарлари асосий қисмини манзаралар ташкил этади.
Уларни кузатар экансиз, натурадан ишлангани гувоҳи бўласиз. Манзараларда кўпинча ижодкор ўзи яшаб турган муҳитни тасвирлайди.
Йилнинг турли фасллари тасвирланган манзараларда айни лаҳзанинг тафти, ифори келиб туради. Бир қарашда реал тасвирларда умумийлик, шартлиликка ҳам ишоралар бор, албатта.
Баъзи манзараларда кундалик ишлар билан банд инсонлар ёки табиатнинг бошқа бир ажралмас жонзотларини ҳам кўришимиз мумкин. Композиция мавзусини талқин этар экан рассом ранглар гаммасига алоҳида эътибор қаратиб, улар ечимининг мукаммаллигига эришган.
Жумладан, “Зомин тоғлари”, “Куз таровати”, “Ўриклисой” , “Тоғ қишлоғида”, “Тонг”, “Қуёшли кун”, “Шафранболу. Туркия”, “Чодак”, “Ёрдонда чоштгоҳ”, “Қизил тоғ” каби асарлари гўё жонлидек.
Шунингдек, рассом юрти тарихи билан боғлиқ бўлган тарихий шахслар, меъморий обидаларни ишлашни хуш кўради.
Улар орасида “Насриддинхон портрети”, “Умархон ва Нодирабегим”, “Қўқон. Султон Мудорбек масжиди”, “Даҳмаишоҳон”, “Қўқоннинг Исфара дарвозаси. ХIX аср” сингари асарларининг талқини назмий ечим топган.
А.Раҳимовнинг маиший мавзудаги картиналари: “Илоҳий никоҳ”, “Келин ва куёв”, “Отамни излаб” ҳам диққатни тортади.
Ижодкорнинг графика ишларида унинг маҳорати ёрқин кўзга ташланади. Уларнинг композицион тузилиши ва штрихли чизгилари соҳа мутахассислари учун намунали мактаб бўлиб хизмат қилади.
Рассом ҳозирда Қўқон ихтисослаштирилган санъат мактабида педагоглик фаолиятини олиб бормоқда.
Асарлари Қўқон ўлкашунослик музейи, Ўзбекистон Давлат санъат музейи, Ўзбекистон Миллий банк галереяси ҳамда юртимиз ва хориждаги шахсий тўпламларда сақланади.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев(сурат),
ЎзА