Одатда аёлга таъриф берилганда нозик хилқат вакилалари деган жумла ишлатилиши табиий.
Аммо юртимиздаги турли соҳаларда фаолият юритаётган шундай аёллар ҳам бор-ки, уларда нозиклик, ибо, сабр ва ҳаёдан ташқари жасорат, матонат ҳамда мардлик хислатлари ҳам мужассам. Айниқса, Қуролли Кучлар сафида юрт ўғлонлари билан елкама-елка хизмат қилаётган аёлларга тасанно дегинг келади.
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва ҳозиргача ягона аёл ҳарбий журналисти бўлган майор Гулнора Ходжамуротова ҳам ана шундай камсонли нозик хилқат вакилаларидан бири. У мана қарийб 17 йилдирки Ватан посбонларининг ҳаёти ва фаолиятини «Ватанпарвар» газетаси орқали ёритиб келаётир. Гулноранинг болалик хотиралари, ўз касбига фидойилиги ва келажак режаларини тинглаганимда амин бўлдим-ки, унинг гўзал ўтмиши, садоқатли бугуни ва шарафли эртаси бор.
Болалик
– Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида туғилганман. Оилада етти фарзанд улғайганмиз – беш қиз, икки ўғил. Мен бешинчи фарзандман. Ватан деганда, энг авалло кўз ўнгимда жонажон қишлоғим намоён бўлади. Болалик билан боғлиқ ширин хотираларим жонланади. Ғам-ташвишсиз беғубор болалик барибир бошқача. Оиламиз катта эди. Ҳаммамиз кечқурун бир дастурхон атрофида жамулжам бўлардик. Ажойиб дамлар эди. Бугун ўша кунларни кўп қумсайман, соғинаман. Афсуски бу соғинчнинг тафтини ҳеч нарса босолмайди...
Дадам кўп йиллар Оқолтин тумани ИИБда хизмат қилган. Уларнинг кўп вақти хизматда ўтгани боис, бизнинг таълим-тарбиямиз билан асосан энам (дадамнинг онаси) ва онам шуғулланарди. Онам дарсларимизни назорат қилиб борарди. Энам эса ҳеч қачон бўш вақтимизнинг бесамар кетишига йўл қўймасди. Доим фойдали бирор юмуш билан банд қилинардик. Хуллас, биз фарзандлар мана шу фидойи инсонларнинг меҳридан қониб катта бўлдик. Улардан ҳаёт давомида асқотадиган энг яхши фазилат ва хислатларни ўзлаштирдик. Шунинг учун оилада, ҳаётда ўз ўрнимизни топдик. Бунинг учун энамдан ва ота-онамдан миннатдорман.
Орзулар
– Кўпчилик мендан “Оилангизда ҳарбийлар бўлганми,” деб сўрайди. Бу саволдан таажубланмайман. Чунки жуда кўп ҳолларда ҳарбийлар оиласида улғайган фарзандлар шу касбни танлайди-да. Болалигимда мен ҳам худди дадам каби ички ишлар ходими бўламан, деб орзу қилардим. Йўқ, бу шунчаки ўткинчи ҳис эмасди. Негаки бу истак мактабни тамомлаш арафасида ҳам қалбимни тарк этмаган. Шунинг учун Ички ишлар академиясига ўқишга киришни мақсад қилганман. Нимадир сабаб бўлди-ю, академияга ҳужжат топширишга кечикканман. Ўшанда жуда ёмон аҳволга тушганман. Чунки мен келажагимни ички ишлар соҳаси билан боғлиқ кўрардим. Орзуларим, мақсадларим, интилишларим бари-бариси шу соҳа билан чамбарчас эди. “Мактабни битиришимизга тўрт ой қолди-ку энди қайси касбни танлайман”, деб йиғлагандим уйдагиларга. Дадам: “Кўнглинг яна қайси касбга чопса, ўшани танла. Ҳали вақтинг бор. Аввал сен яхшилаб ўйлаб ол”, деб тасалли берган. Дадам ҳар бир фарзанднинг кўнглига қарайдиган, уларнинг орзу-мақсадларига бефарқ бўлмаган инсон эди. Орадан бир ҳафта ўтгандан сўнг дадамга қароримни айтганман: журналист бўламан! Дадам қароримни қўллаб-қувватлаган. Шундай қилиб имтиҳонларга тайёргарликни бошлаб юбордим.
Апрелнинг сўнгги кунлари эди. Дадам ишдан бироз эрта келди ва “мен бугун сен ўқишга кирмоқчи бўлган университетга бориб кўриб келдим. Мана манзили”, деб қўлимга бир қоғозча тутқазди. Қоғозни очиб ўқидим. У ерда шундай сўзлар ёзилган эди: Муқимий кўчаси, 104 уй, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, халқаро журналистика факультети. Шу кундан бошлаб имтиҳонларга тайёргарликка янаям зўр бердим. Натижада мен ўша йили университет талабаси бўлдим!
Ҳарбийликка илк қадам
– 2006 йил магистратурани тамомлаганимдан кейин, Мудофаа вазирлигининг марказий матбуот нашри бўлган “Ватанпарвар” газетасида иш бошладим. Уч йилдан сўнг эса, яъни 2009 йилда Қуролли Кучлар сафига чақирилганман. Умуман олганда “Ватанпарвар”да фаолият юритаётганимга бу йил 17 йил бўлади. Ўтган йиллар мени қатор ютуқ ва муваффақиятлар билан сийлади. Энг аввало, тажрибага эга бўлдим, қаламим чархланди. Соҳада ўрин топдим. Бунинг учун жамоамиздаги устоз журналистларга раҳмат дейман. Мен ҳар доим уларнинг сабоғи ва маслаҳатларига таянаман.
Хизмат машаққатлари
– Шарафли касбимизнинг ўзига хос мураккаб жиҳатлари, қийинчиликлари ҳам бор. Лекин бундан нолимайман. Чунки касбимни севаман. Соҳанинг шу каби ўзига хос томонларини билиб, англаб бу касбни танлаганман. Зеро, ҳарбий хизматчини қийинчиликлар тоблайди, машаққатларда тажрибаси ошади. Масъулият ҳисси қанчалик юксак бўлса, эришиладиган натижа ҳам шунга яраша бўлади.
Мени нима хурсанд қилади, биласизми? Бугун журналистларнинг жамиятдаги мавқеи ортди, меҳнатимиз эъзозланаяпти! Бу биз учун энг катта муваффақият. Шундай экан, элу юрт хизмати йўлида хизмат қилишдан ҳеч қачон толмаймиз!
Оила
– Шу кунгача ҳаётда, хизматда нимагаки эришган бўлсам, бунда оиламнинг алоҳида ўрни бор. Мен мана шу муқаддас даргоҳдан куч-қувват оламан. Айнан оила инсонни энг улуғ ишларга, улкан жасоратлар қилишга илҳомлантиради. Ҳар гал хизматдан уйга қайтар эканман, қанчалик чарчаган бўлмай, чарчоқларим остона ҳатлашим билан биз зумда тарқаб кетади, қалбимни ёқимли ҳислар чулғайди. Турмуш ўртоғим оғир-босиқ, мулоҳазали инсон. Тадбиркорлик билан шуғулланади. Касбимни тушунади. Мени доим қуллаб-қувватлайди. Хизмат тақозоси билан эрта кетиб, кеч қайтаман. Шундай вақтларда турмуш ўртоғимнинг кўмагига суянаман. Фарзандларимиз – Севарахон ва Муҳаммадкарим оиламиз қувончи. Мен уларнинг тарбияси учун доим вақт ажратишга ҳаракат қиламан.
Касбдан камол
Биламизки, ўз касбига чуқур меҳр қўйган инсон уни мукаммал эгаллаш учун астойдил ҳаракат қилади. Ўқиш, ўрганиш, изланиш, тажрибали журналист бўлишнинг муҳим шарти саналади. Бу эса зиммамизда улкан масъулият борлигидан далолат беради. Касбида камол топаман деган инсон танлаган соҳасини мукаммал ўзлаштиришга, соҳада ўрин топишга, муносиб шогирдлар тайёрлашга ҳаракат қилади. Ана шунда эришажак ютуқлари ҳам юксак бўлади. “Яшаяпсанми, демак ҳаракат қил, мақсадинг сари дадил одимла”. Бу менинг ҳаётдаги шиорим. Сиз қачонки ўз олдингизга мақсад қўйиб интилар экансиз, натижа албатта бўлади. Бу ҳаётда исботланган ҳақиқат.
Эътироф
– 2022 йилда Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги байрами арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу мукофот мени янги зафарларга руҳлантирди. Бундан буён ҳам ушбу мукофотга лойиқ бўлишга интиламан. Мен аввало ота-онамнинг, Ватанимнинг ишончини оқлаганимдан бахтиёрман. То танда жоним бор экан элим, юртим ҳимоясида, унинг тинчлиги, барқарорлиги йўлида хизмат қилишдан асло толмайман!
Келгуси режалар
– Режасиз, мақсадсиз ҳаётни мазмунсиз деб биламан. Ватанимиз мудофаа салоҳиятини оширишда бор куч ва ғайратини аямасдан, юрт тинчлиги йўлида унинг сарҳадларини тун-у кун қўриқлаётган бугунимиз қаҳрамонлари жуда кўп. Уларнинг ҳар бири ёшларга намуна ва ўрнак бўла олади. Шундай экан, касбим нуқтаи назаридан ўша қаҳрамонларни ёш авлодга таништиришдир. Улар тинчлик деган сўзнинг замирида қанчалик машаққат, мардлик ва жасорат турганлигини билсин. Қолаверса, бу орқали ёшларнинг ватанпарварлик туйғусини шаклланади. Инсонда Ватан туйғуси бўлмас экан, унда фидойилик, садоқат ва жасорат бўлмайди. Ёшлар бизнинг келажагимиз, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан авайлашимиз керак. Бунинг учун ҳаммамиз бирдек масъулмиз.
Шерзод ШАРИПОВ суҳбатлашди.