
Қаҳрамонлар номи барҳаёт
Сўлим майдон. Ўн икки юлдуз. Уларга зарҳал ҳарфлар билан битилган 196 нафар қаҳрамон номлари. Бу “Ғалаба боғи” ҳудудида қад ростлаган “Миллат фидойилари” хиёбони.
Хиёбон давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғояси асосида шу йил бунёд бўлди. Мажмуа юқоридан қараганда давлатимиз байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз шаклида намоён бўлади. Қарийб икки метрли юлдузларнинг қирралари битиктош вазифасини ҳам ўтайди.

Юлдузлардаги битиклар ёнига мониторлар ўрнатилган бўлиб, миллат фидойилари тўғрисида маълумотлар фото ва видеолар орқали намойиш этиб борилади. Яъни, уларнинг фақат номи эмас, болалиги, орзулари, оиласи кўз олдимизда жонланади.
Худди ана шундай қаҳрамонлардан бири сержант Улуғбек Барноевдир.
Ичимни тимдалаётган бу савол жавобини жуда кўп ўйладим. Негадир бу сафар Ватан остонадан бошланади дегим йўқ. Ватан қаердан бошланади? Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг «Осмоннинг охири» достонида «Осмоннинг охири қаерда?» қабилида савол ўртага ташланганди. Ҳеч ким аниқ жавоб тополган эмас бу саволга. «Ирмоқнинг охири дарё. Дарёнинг охири денгиз. Осмоннинг эса охири йўқ», дейди. Мени ўйлантираётган бу савол юки кўнглимни сергак торттирди.
Ватан қаердан бошланади?
Самарқандда бўлган сафаримиз давомида Ватанимиз тинчлиги йўлида жон берган қаҳрамонларимиз уйларида меҳмон бўлдик. Шу суҳбатлар давомида саволларимга жавоб топгандек бўлдим. Хулосаларимни эса, сўзимнинг сўнггида айтиб ўтаман.

Каттақўрғон шаҳрига йўлингиз тушган бўлса, шаҳарга кетаверишдаги кўчалардан бирига қаҳрамон йигитнинг номи берилган. Пештахтада мағрур турган суратни кўриб, кўзингиз олдида ёвларга бошини эгмаган, халқимиз осойишталиги йўлида мардларча жон берган йигитнинг сийрати жонланади.
“Ватан сендан ажралмоқ – менинг ўлимим,
Сен учун ўлмоқ – менинг тириклигимдир”, деган эди Абдурауф Фитрат.
Суратнинг тагида мана шундай битиклар бор. Гўё бу мисраларни шу йигитнинг ўзи юрак қони билан ёзгандек таассурот қолдирди менда.
Шаҳарда кимдан бориб сўраманг, одамлар унинг мардлиги, тантилиги ҳақида ёниб гапиради.
Улуғбек Барноев дейишимиз билан шу атрофда юрган ҳамюртларимиздан бири шундай эътироф этди: «Биз фарзандларимиз шу йигитга ўхшашини истаймиз. Унинг жасорати, мардлиги ҳар бир ўзбек ўғлонига намуна бўла олади». Йўл сўраб юзланганимизда эса, бизга сафардош бўлиб, қаҳрамонимизнинг хонадонигача кузатиб қўйишди. Бир неча маҳалла нарида яшайдиган ҳамюртлари эътирофидан лол бўлиб кетавердик. Уйининг остонасига етганимизда дарвозаси бурчида осиғлиқ турган юртимиз байроғига кўзимиз тушиб, кўнглимизда ифтихор туйдик. Аслида ҳар бир юрак, ҳар бир уйда Ватан байроғи ҳилпираб туриши қандай гўзал. Халқимизда олма тагига олма тушади, деган нақл бор. Бундай хонадонда тарбия топган инсонлар Улуғбек Барноевдай Ватан учун жон олиб, жон беришга тайёр, шу халқ, шу юрт тинчилигини ҳар недан устун қўядиган йигитни вояга етказмай яна кимни тарбияласин.
Бизни ёшлари етмишдан ошган, юзларидан нур ёғилиб турган нуроний отахон кутиб олди. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин отахоннинг гапларига қулоқ тутдик.
– Аллоҳ менга Улуғбекни ато қилганда қувончим ичимга сиғмаган, уни илк бор қўлимга олганимда юзида онамники сингари холи борлигини, кафтлари, бармоқлари отамники каби чайир, туғилганидаёқ бармоғимни маҳкам чангаллаб ушлаб тургани кўз олдимда ҳали-ҳануз сақланиб турибди. Улуғекка доим "Ота" деб мурожаат қилардим, жилмайганча югуриб келиб оёқларимга ўтириб оларди.
– Улуғбек ҳақида ўйласам бир воқеа доим ёдимга тушаверади. Мактаб ёшларида бир устози билан она-бола тутиниб, мендан кам яхши кўрмас эди. Устозининг ҳам Улуғбекка меҳри бўлакча эди. "Шу болангизни мен ўғил қилиб олай" деб ҳоли-жонимга қўймаган. Кунлардан бир кун болам йиғлаб келди, "гапир" десам, сўзи тилида турмайди «Кетяпти, она» деган гапдан нарига ўтолмай йиғлагани-йиғлаган. "Ким кетяпти, аниқроқ гапир" десам, яна ҳўнграб йиғлайди. «Устозим кетяпти», деганидан кейингина тушундим. Кейин билсам, муаллими ўз юртига – Қримга кўчиб кетаётганидан хабар топган болам, яхши кўрган инсонини қўйиб юборишни истамай йиғлаганча ёнимга келгани шундоқ кўзим ўнгида. Болам қанчалар меҳр-оқибатли, яқинларига, Ватанига содиқ эканлигини англаганман. Устози ўқувчилари билан видолашаркан, Улуғбекка яхши ўқишини тайинлаб, қош-кўзидан қайта-қайта ўпиб хайрлашган. Мурғак кўнгли бу жудоликка чидолмай гапини ютиб юборган эди.
Суюкли устозининг тўсатдан айтган бу гапларидан боламнинг юраги қаттиқ оғриганди, ўшанда. «Энди устозимни кўрмайман, она, худди сиздек яхши кўрардим, сиз бизни ҳеч қачон ташлаб кетманг, оналар фарзандларини ташлаб кетишлари ёмон», деб тиззамга бошини қўйганча кўзларидан ёшлари дув-дув оқиб, кўйлакларимни ҳўл қилиб юборганди. Эртаси куни мен устозимни поездда кузатгани бораман, деб қувониб югуриб келди. Устозининг бугун кетишини кўча-кўйдан эшитганми, жойида туролмай, "Она, менга совға беринг, устозимга бериб юбормоқчиман", деб кўзларимга илтимос назари билан термилиб турди. "Мен ҳеч нарса бермайман, ўзинг сандиқни очда, нимани хоҳласанг, олиб кет", дедим. Ўша сандиқларга йиққан-терганимни Улуғбекнинг тўйига деб, солиб қўярдим.
Мени ҳам қўярда қўймай ўзи билан олиб кетди. Вокзалга етганимиздан сўнг, югуриб ҳамма жойдан устозини қидиришга тушган боламни кўриб менинг ҳам кўзларимда ёш айланиб, юзларимни юва бошлади. Болам гоҳ у вагонга, гоҳ бу вагонга кириб устозини изларди. Бор овозида устозини чақирарди. Олисдан "Улуғбек" деган овоз келди. Болам жон-жаҳди билан устози томон югуриб, маҳкам бағрига босганча кетмаслигини сўраб ёлворди. Бизни кўрган ҳамма йиғлади. Поезд қўзғаламан дегунча устозини бағридан қўйиб юбормади, болам. Сўнг устози кетаётганда "Мени унутманг, агар қайтиб келсангиз бизникида яшанг", деб йиғлаганча жўнаб кетаётган поездга термилиб, кўринмай кетгунича жойида қотиб қолди. Менинг шундай оқкўнгил, жасур ўғлим бор эди, – деб хўрсинади, Сабоҳат она.
Ўғлингиз барҳаёт, дейман ичимда, Ватанга айланиб кетган ўғлингиз, она, дея пичирлайман.
Бу юрт бор экан Улуғбек Барноевдай қаҳрамонлар ҳеч қачон ўлмайди. Юқорида Ватан қаердан бошланади, деган саволни ўртага ташлагандим, эсингизда бўлса. Ўзимнинг хулосаларимдан келиб чиқиб айтаманки, Ватан ёв кўзига тик қараб турган йигитларнинг нигоҳида, кўксини душман ўқи келиб тешган онда ҳам заррача ғуруридан кечмай кўзига тик қараб турган аскарларнинг юрак қони тўкилган жойдан бошланади...
Муҳаммадали ҒОФФОРОВ,
журналист.
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА