Тошкент вилоятида ҳам Мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллик тўйи олдидан “Маҳалла обод – юрт обод!” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Хусусан, барча туман ва шаҳарлардаги 1 минг 25 та маҳалла, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилмоқда.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ тумани ва Янгийўл шаҳри бўйича мазкур саъй-ҳаракатларда кенг жамоатчилик, ёшлар етакчилари, фаол ўғил-қизлар, волонтёрлар иштирокида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга уюшқоқлик билан киришилди.
[gallery-18898]
Тураржой мавзелари ва кўчалар атрофига мевали-манзарали ниҳоллар ва гул кўчатлари экиш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ишларга 300 минг нафардан зиёд аҳоли жалб қилинган.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллалар ободлигини таъминлаш ҳамда қиёфасини тубдан яхшилаш бўйича Тошкент вилоятида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари Шуҳрат Ҳошимов. – Жумладан, ҳудудлар ободлигини таъминлаш ва хонадонларни озода сақлашда аҳолига маҳалланинг ўзида хизмат кўрсатиш бўйича туман, шаҳарларда маҳалла сервис компанияси фаолиятини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида 432 та маҳалла жиноятчиликдан, 160 та маҳалла оилавий ажримдан, 56 та маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилди. “Сайхунобод” тажрибаси асосида томорқадан самарали фойдаланиш орқали кам даромадли 6 минг 644 та хонадонда қўшимча даромад манбаи яратилди. Бугун-эрта ўтадиган ҳашар ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида юртимиз қиёфасининг янада гўзал бўлишига, халқимизни жипслаштиришга, меҳр-оқибатга ундайди.
А. Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА