Юрт корига камарбаста божхоначилар
Бугун дунё солномаси COVID-19 пандемиясининг тарқалиши билан боғлиқ яна бир янги саҳифа билан тўлиб бормоқда.
Айнан шу мураккаб шароитдан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 14 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича муҳим вазифалар қўйилган эди. Йиғилишда Президентимиз аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиши, бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш чораларини кўриши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Шундай экан, ушбу эзгу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Енг шимариб, ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Зеро, бугун “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечирадиган замон эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур.

Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам бу йўналишда амалга оширилган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Хусусан вилоят ҳудудидаги ер майдонларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 30 гектар майдонга турли хил дуккакли маҳсулотлар экилиб, етиштирилган ҳосил нес-нобуд қилинмай йиғиштириб олинди. Айни кунларда эса 35 гектарлик экин майдонининг бир қисмида етиштирилган сабзавот маҳсулотларининг қолган қисми йиғиб олинаётган бўлса, 120 тоннага яқин сабзавотлар омборда сақланмоқда.
– Жорий йил мобайнида навоийлик божхоначилар томонидан асаларичилик, паррандачилик, чорвачилик ва полиз экинларини етиштириш хўжаликлари ҳам ташкил этилди, – дейди бошқарма матбуот хизмати бошлиғи Бектемур Иномов. – Албатта, бу каби саъй-харакатлар фақатгина озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ёрдам берибгина қолмай худудлардаги ишсиз ёшлар ва аҳолини мавсумий иш билан таъминлаш имконини бермоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришдан олинган даромаднинг бир қисмини “Темир дафтар”га киритилган оила вакилларига моддий ёрдам сифатида тарқатишни мақсад қилганмиз.
Халқимизда “Ҳар ким экканини ўради”, “Ерни боқсанг, ер сени боқади” каби ҳаётий исботини топган нақллар бор. Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам оғир синовли кунларда халқимизни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни ўзларининг вазифалари деб билмоқда.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА