Юрт фарзандларини бирлаштирган улуғвор байроқ
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда.
Пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 32 йил тўлиши муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ва тегишли вазирликлар ҳамкорлигида “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида тантанали байрам тантаналари ўтказилди.
Унда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат номояндалари, спортчилар, ҳарбийлар, Миллий гвардия отлиқ қисмлари, фаол ёшлар, ОАВ вакиллари ва кенг аҳоли иштирок этди.
1991 йилнинг 18 ноябрида ғоят мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитда давлат рамзларидан энг аввалгиси – миллий байроғимиз тасдиқлангани мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлган эди. Ўтган ўттиз икки йил давомида кенг нишонлаб келинаётган ана шу тарихий сана маънавий ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олди.
Байроқ – давлат рамзи, куч-қудрати ифодаси, шу давлат фуқароларининг эса тенгсиз ва бебаҳо маънавий-эстетик бойлиги саналади. Эътироф этиш жоизки, байроқ давлат рамзларидан бири сифатида жаҳон миқёсида қанчалик расмий нуфуз ва миллий аҳамият касб этса, ҳар бир юртдошимизнинг ишончу ифтихорини намоён қилишда шунчалик халқона салоҳиятга эга.
Юрт фарзандлари шу байроқ остида бирлашадилар. Илм-фан ва спорт олимпиадаларида, халқаро мусобақаларда мунтазам равишда бўлиб ўтадиган муросасиз беллашувларда иштирок этар эканлар, миллий байроқдан маънавий-руҳий қувват оладилар.
Миллий байроғимиз халқаро минбарларда давлат раҳбарининг ташрифидан хабар беради. Спортчилар ўртасида бўлиб ўтган турли беллашувларда қадимий ва мағрур юртимиз тимсоли сифатида фарзандларимизни юксак ғалабаларга илҳомлантиради.
Бугунги кунда жаҳоннинг турли қитъа-минтақаларида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа кўплаб жаҳон миқёсида халқаро нуфуз ва салоҳият касб этган идора-муассасаларда, шунингдек, мамлакатимизнинг барча шаҳар-кентлари марказларида, бир-биридан кўркам ва муҳташам биноларимиз пештоқларида Ўзбекистон Республикаси байроғи ҳилпираб турибди.
Миллий давлатчилигимиз уч минг йиллик тарихни қамраб оладиган бўлса, ўтган асрлар давомида музаффар ота-боболаримиз ўнлаб салтанатлар тузиб, ғалабалари тимсоли сифатида байроқларини юксак кўтарганлар. Ўзбекистон байроғида ўша ўтмиш рамзлари уйғунлашган, аждодларимиз шавкати мужассамлашган десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида давлатимиз тимсоли бўлмоқда.
Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади.
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари, хусусан, байроғимиз халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.
Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан яна бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, бутун юртимиз бўйлаб юзга яқин марказий майдон ва сайилгоҳларда бўлиб ўтди.
[gallery-14665]
Бугунги кунда биз Янги Ўзбекистонни, Янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, миллий байроғимиз остида бирлашамиз. Унинг самоларда мавжланиб ҳилпираши элдошларимизни, айниқса, илм-фан сирларини пухта эгаллаётган навқирон авлод ва порлоқ келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни биз кўзлаган муҳташам манзил – Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга чорлаб туриши шубҳасиз.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган куннинг 32 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ зиёлилар, маърифат тарғиботчилари “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, тадбирда ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар ижро этилиб, Миллий гвардия қўшинлари иштирокида ҳарбий чиқишлар намойиш этилди.
Н.Усмонова, Даврон Эрназаров (суратлар), ЎзА