ЮРТ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолият бошлади.
Беғараз ёрдам сифатли етказилади
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолият бошлади. Бундай марказлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам ташкил этилган. Хайрли ишга ёшлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Фаррух Омонов шундай дейди:
– Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларида мурожаатларни қабул қилиш учун “1197” қисқа рақами ишлаб турибди. 2 апрелдан бошлаб фаолиятини бошлаган ушбу марказда биринчи куннинг ўзида 787 қўнғироқ қабул қилинган. Иккинчи кундан эътиборан ҳар куни 2 мингдан ортиқ қўнғироқ бўлмоқда. Шу кунга қадар 6800 га яқин қўнғироқ қабул қилиниб, хайрия маҳсулотлари олиб келинди ва муҳтож аҳолига етказилмоқда.
Мурожаатлар сони кўплигини инобатга олган ҳолда ҳар бир кўнгилли-операторга бир мурожаатчи билан 3 дақиқа гаплашиш ҳақида кўрсатма берилган. Бунда мурожаатчилардан паспорт бўйича маълумотлари, яшаш манзили ва телефон рақамлари тақдим этилиши талаб этилади.
Етказиб берилаётган ҳар бир маҳсулот ҳомийлик асосида тўпланган. Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тозалик воситалари 3-5 кишилик оиланинг 2-3 ҳафталик эҳтиёжига етади. Хайрия тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказилиб турилади.