Юридик хизмат соҳасидаги муаммо ва ечимлар
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Идораларда ташкил этилган юридик хизматлар фаолияти шу мақсадга қаратилган.
Адлия вазирлигида юридик хизмат соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, муаммо ва ечимларга бағишланган очиқ мулоқотда шу ҳақда сўз юритилди.
Офлайн ва онлайн режимда ўтказилган тадбирда қарийб 200 нафар юридик хизмат ходими иштирок этди.
Адлия вазири ўринбосари М.Икромов томонидан юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, рўй берган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Юридик хизмат ходимлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бормоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг таркибий тузилмалари ишини мувофиқлаштириб бормоқда.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этмоқда.
Шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органлари ва ташкилотларининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Анжуманда юридик хизмат соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ижобий баҳоланиб, соҳада юзага келаётган муаммоларга эътибор қаратилди.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқий мақомини ошириш ва янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида юридик хизмат ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар, амалиётда учраётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш бўйича фикр алмашди.
Қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган мулоқотда билдирилган таклифлар бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА