Юридик хизмат: аҳолига янада яқин
Жиззах вилояти ҳокимлигида “Юридик хизмат фаолиятида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Президентимизнинг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ушбу қарор асосида тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ушбу қарор давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган энг кам меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилиши, бунда юридик хизматнинг мавжуд штат бирликлари қисқартирилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланган.
Мазкур қарор билан ўрнатилган тартибга кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ушбу органлар ва ташкилотлар иштирокида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чоралар кўриши мумкин.
[gallery-9354]
– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юридик бўлим томонидан жами 1 минг 837 та меъёрий ҳужжатларга, яъни ҳоким қарорлари, фармойишлари ва кенгаш қарорлари ўрганиб чиқилиб хулосалар берилган, 244 та ҳужжат тайёрланишида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари тўғри татбиқ этилмаганлиги ва бошқа асослантирувчи ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда ўрганиш натижаси билан хулоса берилмасдан рад этилса муаллифга тегишли тарзда расмийлаштириш бўйича тавсиялар берилиб қайтарилган, 262 ҳолатда ҳуқуқий экспертиза талаб этилаётганлиги боис экспертизага юборилган, – дейди вилоят ҳокимининг юридик бўлими бошлиғи Гулнора Ҳамроева. – Жиззах шаҳар ва туманлар ҳокимликлари юристлари ҳамда котибият мудирларининг касб малакасини ошириш мақсадида ҳар ойда камида бир марта семинарлар ўтказиш йўлга қўйилган.
Судларда ҳоким қарорларининг кўрилиши жараёнида мунтазам юрист иштироки таъминланиши йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунга қадар вилоят ҳокимлиги бош юристконсульти томонидан 60 дан ортиқ ҳоким қарор ва фармойишларининг суд жараёни муҳокамасида иштироки таъминланган.
Ҳокимлик юристларининг норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг таркибий тузилмалари иши мувофиқлаштирилиб, қабул қилинаётган қарор лойиҳалари бўйича таклифлар бериб бориш йўлга қўйилган.
Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассис томонидан жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА